Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

«Маҳалла — беш ташаббус бешиги» республика кўрик-танлови

 

1. Ушбу Низом «Маҳалла — беш ташаббус бешиги» республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (кейинги ўринларда — иштирокчилар) ўртасида ўтказилади.
2-боб. Танловнинг мақсади
3. Танловнинг мақсади қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни (кейинги ўринларда — беш муҳим ташаббус) халқ ҳаракатига айлантириш;
беш муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини моддий ва маънавий рағбатлантириш;
маҳаллаларда ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш, жисмоний чиниқтириш, спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлашга доир ишлар самарадорлигини ошириш.
3-боб. Танловни ўтказиш тартиби ва шартлари
4. Мазкур танлов қуйидаги 3 та босқичда ташкил этилади:
биринчи босқич — туман ва шаҳарлар миқёсида июнь ойида;
иккинчи босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида (кейинги ўринларда — ҳудудий) биринчи босқич ғолиблари ўртасида август ойида;
учинчи босқич — Республика миқёсида иккинчи босқич ғолиблари ўртасида декабрь ойида.
5. Биринчи босқични ташкил этиш учун беш муҳим ташаббусга масъул бўлган вазирлик идораларнинг туман ва шаҳар тузилмалари (бўлимлари) вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Низом талаблари асосида туман ва шаҳарлардан иштирокчилар орасидан 5 тасини саралаб, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятларига (кейинги ўринларда котибиятлар деб юритилади) тақдим этилади.
Котибиятлар Ишчи гуруҳ томонидан сараланган иштирокчиларнинг ҳужжатларини халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига беш муҳим ташаббусга доир 5 дақиқадан ошмаган видеолавҳаси билан биргаликда кўриб чиқиш учун киритадилар.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятлари томонидан киритилган номзодларни кўриб чиқиб, Кенгаш хулосаси асосида энг яхши деб топилган 1 тадан номзодни 2-босқичда иштирок этиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари котибиятларига тақдим этади.
6. Котибиятлар иккинчи босқичга тақдим этилган ҳужжатларни Низом талаблари асосида кўриб чиқиб, номзодлар ҳужжатларини Республика босқичига тавсия этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритади.
Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичи кўргазмали тарзда (кўргазмали қуроллар, планшетлар, альбомлар, видеороликлар, саҳналар ва ҳоказо) ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари хулосаси асосида ҳудудий босқичда иштирок этган номзодлар орасидан энг яхши деб топилган 1 тадан иштирокчи Республика босқичига тавсия этилади.
7. Танловнинг республика босқичи Тошкент шаҳрида Сенат томонидан ташкил этилади. Республика босқичига чиққан жами 14 та иштирокчи (ҳар бир ҳудуддан биттадан) беш муҳим ташаббус борасида олиб борган намунали фаолиятини кўргазмали тарзда ҳимоя қилади. Республика босқичи иштирокчилари фаолияти танловнинг Республика комиссияси томонидан Низом талаблари асосида таҳлил этилиб, улар орасидан Республика босқичи ғолиблари аниқланади.
4-боб. Танловга раҳбарлик қилиш
8. Танловни ўтказишга умумий раҳбарлик Олий Мажлис Сенати томонидан амалга оширилади.
9. Танловни ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланади.
10. Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичлари адолатли ва шаффоф ўтказилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) Кенгашлари котибиятлари зиммасига юклатилади. Республика босқичи эса Сенатнинг бевосита иштироки ва назорати остида ўтказилади.
5-боб. Танловнинг республика комиссияси
11. Танловни ўтказиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) обрўли жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар, жамоат ва нотижорат ташкилотларининг тажрибали, билимли ва кўникмага эга вакилларидан шакллантирилади. Комиссия таркиби 9 нафар вакилдан иборат этиб белгиланади.
12. Комиссия аъзолари танлов жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
танловнинг республика босқичи иштирокчиларидан Низом талаблари асосида тегишли ҳужжатларни талаб қилиш;
танлов жараёнида танлов ғолибини объектив баҳолаш мақсадида иштирокчилардан қўшимча маълумотлар олиш;
танлов якунларини сарҳисоб қилиш ва ғолибларни аниқлашда ўз овози билан иштирок этиш.
13. Комиссия аъзолари танлов жараёнида қуйидаги мажбуриятларга эга:
Танловнинг республика босқичи учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларни танлов асосида жойига бориш орқали ўрганиш;
танлов ҳужжатларига оид маълумотларни ошкор этмаслик;
танлов иштирокчиларини саралашда адолатлилик, шаффофлик мезонларига риоя қилиш;
Комиссия аъзоларига қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
6-боб. Танловга ҳужжатларни тақдим этиш тартиби
14. Танловда иштирокчилар якка ҳолда иштирок этади ва ҳужжатлар тақдим этади.
15. Танловда қатнашмоқчи бўлган номзодлар танлов ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятлари номига ариза тақдим этадилар.
16. Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар ўз аризаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
иштирокчилар тўғрисидаги умумий маълумот (мавжуд бўлса паспорти);
Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан беш муҳим ташаббус бўйича қабул қилинган тегишли ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида маълумотлар;
беш муҳим ташаббус доирасида олиб борилган фаолиятига оид материаллар (маълумотлар, ҳисоботлар, баённомалар, дастурлар, лойиҳалар, фото, альбом ва ҳоказолар);
беш муҳим ташаббусни амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишларни акс эттирувчи 5 дақиқадан ошмаган видеоролик (сифати юқори, DVD форматида);
оммавий ахборот воситаларида беш муҳим ташаббусга оид чоп этилган мақолалар, телевидение ёки радиода чиқишларни асословчи ҳужжатлар.
Номзодлар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этиши мумкин.
Аризалар тегишли ҳудуддаги халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятларига берилади.
7-боб. Танлов иштирокчиларини саралаш шартлари
17. Танлов иштирокчиларини саралаш ишлари 1-босқичда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятларида ташкил этилган Ишчи гуруҳи томонидан, 2-босқичда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан, 3-босқичда Республика комиссияси томонидан амалга оширилади.
18. Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан беш муҳим ташаббус бўйича қабул қилинган тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминланганлиги;
беш муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятини халққа етказилганлиги ҳамда тарғибот ташвиқот ишларининг олиб борилганлиги;
ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш самарадорлиги;
ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратилганлиги ва кенг қамраб олинганлиги;
аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш самарадорлиги;
ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ва оилалар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларнинг ташкил этилганлиги;
хотин-қизларнинг иш билан таъминланганлик даражаси.
8-боб. Кўрик-танловни молиялаштириш манбалари
19. Танлов ўтказилишининг молиялаштириш шартлари:
Танловнинг 1-босқичи учун талаб этиладиган зарур маблағлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан;
Танловнинг 2-босқичи учун талаб этиладиган зарур маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан;
Танловнинг учинчи — Республика босқичи учун талаб этиладиган зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилади.
Шунингдек, танловни ўтказишдан манфаатдор вазирлик ва идоралар ёки ҳомийлар маблағлари ҳам жалб этилиши мумкин.
9-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш
20. Ғолиб деб топилган иштирокчилар I, II, III даражали дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
21. Кўрик-танловнинг республика босқичида фаол иштирок этган иштирокчилар қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланиши ҳам назарда тутилади:
«Биринчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла»;
«Иккинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла»;
«Учинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла»;
«Тўртинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла»;
«Бешинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла».
22. Кўрик-танлов иштирокчилари «Беш ташаббус бўйича энг намунали оила» номинацияси бўйича ҳам тақдирланишлари мумкин.