Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

АЛЛА БЎЛИБ ЯШНАР ҚОНИМДА

Рахимова Интизор Рустамовна - маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Урганч тумани ҳокими маслаҳатчиси

 

         Онажонимнинг ўзимга айтган алласини эслолмасамда, уларнинг тўрт нафар укаларимнинг барчасини ухлатиш ва тинчлантириш учун айтилган аллалари ҳали ҳануз қулоғим остида жаранглайди.

                 Алла қўзим-ай, оппоғим-ай,

                 Гуллар ичинда, япроғим-ай...

                            Сақлаган қўзимни қўй атарман,

                            Енгнағанимни тўй атарман-ай, алла...

         Бу қўшиқдаги мунг, оҳанг ва дарднинг орзулар билан қоришиб кетиши гўдак қалбимни ларзага келтирган. Ҳар гал онамнинг алласини тинглаганимда қалбимда англаб бўлмас титроқ, бўғзимда таърифлаб бўлмас нола, эртанги  кунга умидни ҳис қиламан, кўз ёшларимни биров пайқамасин дея юзимни бураман ва “онажон, бўлди укам ухлади, айтманг”,- дея ялинаман...

         Она тилим мунисгинам онажонимнинг алласи бўлиб руҳимга кирди. Она тилим алла тимсолида менга сўз сеҳри ва унинг беназир имкониятлари сари “марҳобо”- дея эшик очди.

          Миллий маърифатпарвар боболаримиздан Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд аҳлоқ” асарида тилимизнинг софлигини сақлаш лозимлигини қайд қилар эканлар , “Ҳифзи лисон деб ҳар бир миллат ўз она тил ва адабиётини сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур...”- дея таъкидлайдилар.

         Олис ва яқин мозийга назар солар эканмиз, дунё тиллари ичра ўзбек тили ҳам ўзининг нафис  ифода тили, сержилолиги-ю жозибадорлиги билан шуҳрат топди. Она тилимиз Алишер Навоийга шоирлик тожини кийдирган бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қалами тимсолида Ватанга муҳаббат ва ҳижрон дардини ифода қилди. Дунё ҳамжамиятидаги илм аҳли ва маърифатпарварларни ўзига чорлади.

         Сир эмаски, тил чуқур ижтимоий мазмунни касб этиши баробарида,  халқни тилидан маҳрум қилиш, она тилини йўқотиш муайян миллатни таназзулга етаклайди. Халқимизнинг бой маънавий ва маданий мероси, тафаккури, маданияти ҳамда залворли тарихи тил орқали ўз ифодасини топган. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”.

         Миллат сифатидаги ўзига хос хусусиятларимиз тимсоли сифатида барча анжуманлару йиғилишларнинг она тилимизда олиб борилиши ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини таъминлашга ҳисса қўшди.

         Ушбу мақом қайсидир маънода давлат тилини билмайдиган айрим юртдошларимизни саросимага солиб қўйган бўлсада, маънавият, миллий қадриятлар ва урф-одатларимизни қадамба-қадам ўзимизга қайтишини таъминлади. Тил ҳақидаги қонун ижод ва илм аҳлининг ўз кучи ва имкониятига бўлган ишонч ҳиссини оширди.

         Она тилим, шоир Хуршид Даврон айтганидек,  сен “дил қонини берган Навоий” дан тортиб, қадрдон ўлкадан “биргина сени” олиб кетолган Бобур сўзи бўлиб янградинг. Дорга Машраб ўрнига осилгану, Нодира бўлиб сўйилган ҳам ўзинг бўлдинг.  Шунга қарамай, аждодларнинг орзу-армони бўлиб сен мангу қолажаксан.

“Келиб кетди неча дунёлар,

Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.

       Сен деб қурбон бўлди боболар,

            Улар кетди, сен қолдинг, тилим...”

         Афсуски, бугунги кунда айрим ватандошларимиз ва аҳолининг ёш қатламида миллий тилимиз билан бир қаторда айрим миллий қадриятларимизга нисбатан беписандлик ҳолатини кузатмоқдамиз. Кўча-куйда юрарканмиз, бинолар ва иншоотлардаги пешлавҳалардан тортиб рекламалар, дўкон ва савдо расталари номларида тилимизга зид бўлган “замонавий” номларни учратамиз. Баъзида иш қоғозларнинг юритилишида кузатилаётган хато ва камчиликлар нафақат она тилимизга, балки ўзимизга бераётган баҳомизни белгилаб бермайдими, деган ҳақли савол туғилади...

          Юртдошим, асрлардан мерос давлат тилининг софлиги ва тиниқлигини таъминлаш, уни бойитиб боришдек хайрли ишда Сизни ҳамкорлик ва ҳамфикрликка чорлаб қоламиз.

         Онаизоримиз сингари латиф ва нафис алла орқали руҳимизга, дилимизга жо бўлган она тилимизни асрайлик!