Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

 

АҲОЛИНИ ТАДБИРКОРЛИКГА КЕНГ ЖАЛБ ҚИЛИШ ВА ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАҚСАДИДА АЖРАТИЛАДИГАН

ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА

УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА

 

  1. 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5242-сон фармони;
  2. 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
    ПФ-5325-сон фармони;
  3. 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5466-сон фармони;
  4. 2018 йил 26 апрелдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3680-сон қарори;
  5. 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777-сон қарори;
  6. 2019 йил 7 мартдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4231-сон қарори.
  7. 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3856-сон қарори;
  8. Ўзбекистон РеспубликасиПрезидентининг 2019 йил 24 октябрда “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги
    ПҚ-4498-сонли қарори қабул қилинди.

Дастурлар доирасида лойиҳаларни кредитлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича (ҳозирда 14 фоизХалқ банки, «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ банклар орқали амалга оширилади.

Имтиёзли кредитлар 3 — 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан
3 йилгача муддатга имтиёзли кредитлар ажратилиши мумкин.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробаригача миқдордаги кредитларни ажратиш юқоридаги банкларининг туман филиаллари.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача миқдордаги кредитларни ажратиш тижорат банкларининг вилоят филиаллари;

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаридан ортиқ миқдордаги кредитларни ажратиш Дастур координаторлари билан келишилган ҳолда ажратилади.

ШАҲАР ВА ТУМАН ҲОКИМЛИКЛАРИДА ТАШКИЛ ҚИЛИНГАН ИШЧИ ГУРУҲЛАР ТЕЛЕФОН РАҚАМЛАРИ

 

1

Урган шаҳар

(62) 228-67-57

2

Хива шаҳар

(62) 377-50-68

3

Урганч тумани

(62) 352-18-40

4

Хива тумани

(62) 226-20-62

5

Боғот тумани

(62) 315-28-18

6

Гурлан тумани

(62) 365-43-19

7

Шовот тумани

(62) 345-10-90

8

Хозарасп тумани

(62) 332-56-15

9

Қўшкўпир тумани

(62) 329-48-81

10

Ҳонқа тумани

(62) 399-15-47

11

Янгибозор тумани

(62) 419-40-86

12

Янгиариқ туман

(62) 385-40-77

13

Тупроққалъа тумани

(62) 305-35-60

ЛИМОН ЕТИШТИРИШ

И
лмий-тадқиқотлар ва илғор хўжаликлар тажрибаси шуни кўрсатдики, суғориладиган ҳудудда лимоннинг “Мейер” навидан сифатли, мўл ва мунтазам ҳосил олиш имконини бермоқда. Бу нав бўйи нисбатан кичиклиги ва эрта ҳосил бера бошлаши билан бошқалардан ажралиб туради.

Кўчати ўтқазилганидан 2 йилдан сўнг ҳосилга киради. Маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган, бироқ совуққа чидамли бўлмаганлиги боис иссиқхоналарда ўстирилмоқда. Яхши парвариш қилинганда ҳар тупидан 400–500 тагача лимон мевасини олиш мумкин.

Иссиқхоналарда суткалик ўртача ҳарорат 10°С дан юқори бўлганида лимон новдаси ўса бошлайди.

Суткалик ўртача ҳарорат 16–18°С га етганида лимон қийғос ғунчалайди, 18–22°С да эса гуллайди.

Лимон ўз-ўзидан ва четдан чангланадиган ўсимлик. Четдан чангланиши асаларилар ёрдамида ўтади, бу тугунчаларининг кўпроқ ҳосил бўлишига ёрдам беради. Ўсиш ва шаклланиш даврида (апрель-май) 20–25°С қулай ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлиги 70–80% бўлганида фойдали гуллаши 22–25% га етади. Ҳаво қуруқлиги ва ҳароратнинг кескин ошириш тугунларнинг кўплаб тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин.

Лимон ўсиши ва ривожланиши учун тупроқ шароити муҳим аҳамиятга эга. Сизот сувлар яқин шўр ерларда ва структураси соз тупроқларда ўса олмайди.Зичлиги ўртача қумоқ тупроқли ерлар ва сув, ҳаво ўтказувчанлиги енгил тупроқларда яхши ўсади.

Иссиқхоналар лимон кўчатларини экишдан олдин тупроқ яхшилаб текисланиб, гектарига 60–80 тн чириган гўнг, 600 кг суперфосфат ҳамда 150 кг калий ўғитлари солиниб, 50–60 см чуқурликда ер ҳайдалади.

Кўчати 4х3 м схемада экилади. Кўчатларни экиш пайтида ҳар бир чуқурга 10–15 кг чириган гўнг, 100–150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитлар тупроқ билан аралаштириб солинади.

Бир ёшли ўсимликларда 3–4 та биринчи тартиб пишган новдалари ва танасининг йўғонлиги 0,7–0,8 см бўлиши керак. Икки ёшли кўчатда иккинчи тартибдаги новдалар, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см бўлиши лозим. Кузги лимон кўчати илдизига ёпишган тупроғи билан экилади. Акс ҳолда ўсимликнинг бир қисми нобуд бўлади.

Ўтказишдан олдин боғ қайчи билан охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек ортиқча новдалари, илдизнинг синган қисми кесиб ташланади. Кўчат ўтказилганда кўчатларнинг илдиз бўғзи тупроқ сатҳидан 2–3 см юқорида бўлиши керак. Кўчат ўтказилгандан сўнг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25–30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади.

Кўчатлар чуқурлиги 15–20 см ли қилиб олинган ариқлардан жилдиратиб тупроқ 40–50 см чуқурлигида нам­лангунича суғорилади. Тупроқ вегетация давомида доимо нам ҳолатда бўлиши керак. Учинчи йилда суғориш эгатлари ўсимлик танасидан 50 см гача кўчирилиб, 30–40 см гача чуқурлаштирилади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг оптимал намлиги 70–85% ни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб–бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилади. Уларнинг миқдори об–ҳаво ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланади.

Қишда иссиқхоналарда тупроққа гўнг ва суперфосфат солиниб 25–30 см чуқурликда ишлов берилади. Тупроққа ишлов беришда ўсимликнинг 15–35 см чуқурликкача етган илдиз системасини шикастламаслик учун эҳтиётлик билан иш кўрилади. Бегона ўтларни ўташ ва уларни иссиқхонадан чиқариб ташлаш зарур, чунки улар ўсимликни шира ва бошқа зараркунандалардан зарарланиши учун манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Лимон туплари биринчи марта қишда вегетация бошлангунча, иккинчи марта гуллаш олдидан ва 3–4 марта тугунлар тўкилгандан сўнг ва мевалар ўсиши даврида 20–25 кун оралатиб шатмоқ билан суғорилади. Шатмоқ сигир, қўй – эчкиларнинг ва парранда гўнгини (2:1:1) ариқ сувида яхшилаб эзиб, суғориш эгатларига қуйилади. Ёзда шатмоқ кечқурун ва эрталаб берилади.

Юқори ва мўл ҳосил олиш учун тупларнинг фақат меъёрда озиқланиши, ўсиши ва ривожланиши билан кифояланиб бўлмайди. Ўсиб кетган ва шаклланган новдаларни дарахт ёшига, муносиб равишда сийраклаш, чилпиш ва буташ зарур. Бунда тупнинг ўсиши ва мева бериши яхшиланади.

Цитрус ўсимликлари кўпинча сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Қалқондорларга қарши 0,3% ли Фазолон эритмаси 5-6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Каратэ препаратини 0,3% ли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса, баргларини пастки тарафидан ҳўллаш зарур.

Ўсимлик ғунчалаган ва гуллаган даврида пуркаш мумкин эмас. Ишлов эрталаб ва кечқурун ёки булутли кунларда ўтказилади.

Қора куясимон замбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1% ли бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5% мис, хлор оксиди эритмаси билан қўшимча пуркалгандагина холос этади.

Ўргимчакканага қарши 0,2% ли Кельтан ёки 1% ли Данитол эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойдали.

Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганда, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3% ли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ қатрони билан шувалади. Қатрон тайёрлаш учун канифоль ва асал ари мумига (2:1) оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади.

Гоммоз билан зарарланган ва қуриган дарахт танаси атрофи илдизи билан қазиб олиниб ёндирилади, тупроғи эса 1% ли формалин эритмаси билан дизенфекция қилинади

БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ

 Ер майдонини танлаш. Бодринг экинини экиш учун унумдор, органик моддаларга бой, нам сиғими юқори, сизот сувлари юза жойлашган ерлар танланади. Уларга енгил, юмшоқ тупроқлар ниҳоятда мос келади. Алмашлаб экишда улар учун картошка, карам, сабзи, лавлаги энг яхши экин ҳисобланади. Биринчи йили ҳайдалган кўриқ ерларда ҳам бодринг мўл ҳосил беради.

Навлар. Бодрингнинг маҳаллий Ранний - 645, Ўзбекский 740, Зилол, Наврўз навлари ва чет мамлакатларни F1 дурагайларидан Аллианс, Регал, Эвелинлардан иборат.

Уруғни экишга тайёрлаш. Бодринг уруғи эрта баҳорда экилса, унда қуруқ уруғлар билан экилади. Агар тупроқ яхши қизиган бўлганда экишдан олдин уруғ бир сутка давомида алмаштириб туриладиган сувда ивитилади ва ўзи тўкиладиган ҳолатгача қуритилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Кечки бодринг 5-20 июнда экилади. Очиқ майдонда СБУ-2,4А, пневматик Оптима экгичларда 70 см ёки 90 см қатор оралигида, 4-5 см чуқурликка экилади. Бодринг уруғи гектарига 4 - 5 кг сарфланади.

Парваришлаш. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор  ораларига  КРО-4, КРН-2,8А культиваторлар билан 15-16 см чуқурликда ишлов бериб, минерал озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15-16 см чуқурликда культивация орқали ишлов бериш керак бўлади.

Ўғитлаш. Бўз тупроқларда гектарига 20 тонна гўнг билан N150P100 K75 бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид кўринишида берилади. Фосфорли ўғитлар аммофос, калий ўғити  калий хлор кўринишида берилади. Гектарига N150P100 K75 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний-571 кг ёки карбамид-330 кг, аммофос-217кг, калий хлор-150кг бўлади. Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитнинг ҳамма миқдори, фосфор ва  калийнинг 75% берилади.  Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2-3 чинбарг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10% , фосфор ва калийнинг қолган 25% берилади. Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида азотнинг 45% берилади. Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан кейин берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45% берилади. Ўтлоқи ёки ўтлоқи ботқоқ тупроқларда бодринг етиштириш учун гектарига N120P80 K60 кг бериш тавсия этилади.

Суғориш. Сувга талабчанлиги жихатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда турадиган экинлар қаторига киради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади. Кўкламда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш ва ўсув даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш–ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар-хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бодринг ҳар 7-8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига хосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2-3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 16-18, юза ерларда эса камроқ, 9-11 марта сув берилади. Июннинг охири–июлнинг бошларида экилган кечки бодрингнинг ўсув даври нисбатан қисқа бўлади. Ўсув даврининг бошланиши ёзнинг иссиқ пайтига, ҳосил тўплаш даври эса кузги салқин тушган вақтга тўғри келади. Шунинг учун кечки бодринг ўсув даврида бир меъёрда, яъни ҳар 6-7 кунда суғориб турилади.

КАРТОШКА ЕТИШТИРИШ

 

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига 63 та нави киритилган. Эртапишар навлардан Латона, Фреско, Ред Скарлет, ўртаги-эртаги Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Диёра, ўртапишар Тўйимли, Умид, Кўк сарой, Серҳосил, Аладин, Аринда, Арнова, ўртаги-кечки Ақроб, Мондиал, Диамант, Пикассо ва бошқалар шулар жумласидандир.

Уруғ танлаш. Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилни 12–15% ошириб, 10–15 кун эрта пишишига имкон беради. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20–25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40–60, 60–80, 80–100 г) саралаб ундириш хонанинг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2–3 қатламдан оширмай ёки 12-20-25 кг. ли яшикларга қўйиш лозим. Уларни яшил нишлари экиш давригача қўлда қўйиб кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса 3–4 см. гача ўстириб экилса бўлади. Оғирлиги 100 г. дан катта туганакларни баҳорда экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади.

Ер тайёрлаш. 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) тоза, чириган гўнг солинади. Тупроқ белкуракда 18–20 см чуқурликда юмшатилади ёки кетмон билан чопилади. Катта кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Баҳорги муддатда жанубий вилоятларда 15 февраль–1 март, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25 февраль-10 март, шимолий минтақаларда 10–20 март. Ёзги муддатда жанубий вилоятларда тезпишар навлар – 10–20 июль; ўртапишар навлар – 5–20 июль; кечпишар навлар 20–30 июнь; марказий минтақада жойлашган вилоятларда тезпишар навлар – 10–20 июль, ўртапишар навлар – 10–30 июнь, кечпишар навлар 10–20 июнда экилади. Шимолий ҳудудларда тезпишар навлар – 20–30 июнь, ўртапишар навлар – 15–25 июнь, кечпишар навлар – 5–10 июнда экилади. Картошка туганаклари (уруғлиги) 5–8 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50–70 грамм оғирликда бўлган, 30–35 кг картошка уруғлиги сарфланади.

Картошка олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга қўлда кетмон билан 70×30 ёки 90×25 см схемада экилади.

Парваришлаш. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4–6 кун ўтгач, қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига қўлда кетмон билан ялписига ишлов бериш лозим. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 20–25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда, ўсимликдан 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Шундан сўнг майдондаги ўсимликларни биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов биринчи ишловдан 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади. Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5–6 кунда 1 сотих ерга 4–4,5 м3 ҳисобидан суғоришни талаб қилади. Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2–3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Ўғитлаш. Картошка асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Картошка етиштирилганда 1 сотих ерга соф ҳолда 2,2 кг азот, 1,7 кг фосфор, 1,1 кг калий бериш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Картошка ҳосилини оширишда экиладиган туганакларни йириклиги, шакли ва бошқа белгилари билан танлаб олиш муҳим тадбир ҳисобланади. Картошка ўсимлигида колорадо қўнғизи пайдо бўла бошлаганда қўнғизни қўлда териб чиқиш тавсия этилади. Қўнғизлар кўпайиб тухум қўя бошлагандан кейин кимёвий препаратлар қўлланилади. Бунда 10 сотих экин майдонига Каратэ 5% к.э. (10 мл), Конфидор 20% к.э. (5 мл); Моспилан 20% н.к. (20–25 мл); Суми-альфа 5% к.э. (50 мл) препаратлари 60–70 литр сувда яхшилаб аралаштирилиб пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Картошка туганаклари 25–30 см чуқурликда шаклланади, шунинг учун кетмон ёрдамида чуқурроқ ковлаб олинади. Бу даврда тупроқ нам бўлиши лозим. Шунда картошкаларни бешикаст йиғиштиришга эришилади.

ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ

 

Ер танлаш. Помидор ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Помидор экилган ерга камида уч йилдан кейин яна помидор экиш мумкин. Помидор экиш режаланган майдонларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимлик қолдиқларини СИ-1,8, РМ-1,4 русумли майдалагичлари билан майдалаб сочиш, сўнг РОУ-5 русумли ўғит сочгич мосламаси ёрдамида гектарига 25-30 тонна чириган гўнг сочиб чиқилади. Минерал ўғитлардан фосфор ва калийнинг йиллик меъёрининг 75% РМУ-0,75 русумли  минерал ўғит сочгичда сочиб, кейин майдонни 28-35 см чуқурликда хайдалади. Экишгача ер майдонини тайёрлашни  кейинги тадбирлари экишдан олдин 14-16 см чуқурликда икки марта чизеллаб чиқилади ва мола босилади. Молалашдан кейин КРО-4 ёки КОН-2,8А русумли культиваторлар билан нишабли майдонларга 70 см қатор оралиғида, текис ер ости суви яқин бўлган майдонларга эса 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари олинади.

Навлар. Помидорни махаллий шароитда яратилган ТМК-22, Ўзбекистон-178, Шарқ юлдузи, Ситора, Истиқлол, Дархан, чет давлатларнинг Султон F1, Волгоградский 5/95, Рио-гранде навларини экишга тавсия этилади.

Уруғларни экишга тайёрлаш. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50-520С ва 24 соат 800С қиздирилади, кейин 3 минут 5% ли шўр сувда сараланади. Ташқари инфекция ва касал чақирувчиларни йўқотиш учун экишдан 5-15 кун олдин уруғлар ТМТД (1 кг уруғга 6-8 г) билан дориланади.

Помидорни ўғитлаш. Ўтлоқ ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларга  гектарига 20 тонна гўнг, N160P120 K80 кг солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.  Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади: карбамид - гектарига 440 кг, аммофос-261 кг, калий хлор-160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у холда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади. Ҳайдовдан олдин  аммофос - гектарига 196 кг, калий хлор - 120 кг. Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг уларни тез ўса бошлаган даврда:  аммофос - гектарига 64,8 кг,  калий хлор – 40 кг, карбамид-220 кг ёки сульфат аммоний- гектарига 380 кг бериш тавсия этилади.  Иккинчи озиқлантиришда - ўсимликнинг биринчи ва иккинчи тўпгулни ялпи гуллаши даврида: карбамид гектарига - 220  кг ёки сульфат аммоний гектарига 380 кг бериш тавсия этилади. Помидор етиштиришда суғориладиган бўз тупроқлар гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади. Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларини 50% га камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат)лар қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус-гектарига 8 тонна, вермигум 8 тонна, органик микробиологик ўғит - 20 кг, биоазот-гектарига 2 литр қўллаш самарали ҳисобланади.  Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин. Помидорни суғориш. Помидор кўчати учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 75-80%, бўлиши лозим. Кўчат орқали ўстирилган ва ер юзида илдизлар ҳосил қилган ўсимликлар, уруғдан экилиб илдизлари бир мунча чуқур тарқалган экинларга қараганда сувга анча талабчан бўлади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин ўсимликлар камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

МОШ ЕТИШТИРИШ

 Навлар. Мошнинг “Дурдона”, “Зилола”, “Маржон” ва “Турон” навлари Ўзбекистон ўсимликшунослик илмий тадқиқот институтида яратилган ва Давлат реестрига киритилди. “Дурдона” нави. Эртапишар – 70 кун. Биринчи дуккаклар терими майсалар пайдо бўлганидан 45 кундан сўнг амалга ошириш мумкин. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади                        (20-25 дона). Ҳосилдорлик 23,0 ц/га ташкил этади. 1000та уруғ вазни- 60 г. “Зилола” нави. Тезпишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалар униб чиққандан сўнг 60-63 кунда пишади. Тўлиқ пишиш вақти эса 90-95 кун. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (20-25 дона). Дон ҳосилдорлиги 25,5-27,0 ц/га ташкил этади. 1000та уруғ вазни- 72 г. “Маржон” нави. Тезпишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалар униб чиққандан сўнг 60-63 кунда пишади. Тўлиқ пишиш вақти эса 90-95 кун. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (20-25 дона). Дон ҳосилдорлиги 25,5-28,0 ц/га ташкил этади. 1000та уруғ вазни- 82 г. “Турон” нави. Ўрта пишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалар униб чиққандан сўнг 65 кун ўтгандан кейин пишади. Бутунлай пишиш вақти эса 100 кун. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (25-30 дона). Дон ҳосилдорлиги 29,0-31,0 ц/га ва. 1000та уруғ вазни- 87 г ташкил этади. Нав агротехникаси Яратилган янги навлар суғориладиган шароитда экин экиш учун мўлжалланган. Ҳилма-ҳил экологик-тупроқ шароиларда яхши ҳосил бериши мумкин. Асосий (баҳорда) ва такрорий (ёз мавсумида) экин сифатида экилиши мумкин ва тўлиқ ҳосил олишга яроқлидир. Айниқса, кузги буғдой ўришидан кейин такрорий экин сифатида экиш учун тавсия қилинади.

Экиш муддатлари: бахор фаслида- 10- 20 апрел, ёз мавсумида эса- 15чи июндан 1чи июлгача. Бешинчи июлдан кейин экилган мошнинг ҳосилдорлиги пас бўлиб қолади. Экиш схемаси ва микдори:: 60- 70 см эгат оралиги, бир қаторда ўсимликлар оралиғи- 15 см, экиш микдори ўртача 16 кг/га ташкил қилади.. 90 см эгат оралигида экилганда, икки қаторлама, ўсимликлар оралиғи- 15 см ташкил қилади ва уруғ экиш микдори 30 кг гача ташкил қилади. Эртапишар нав “Дурдона” ўсимликлари юқори қўчат қалинлигига чидамли. Қалин экилишига қараб сарфланадиган уруғ миқдори 30 кг гача ташкил қилади. Экиш схемаси: 70 см. икки қаторлама, қатор оралиғи- 15- 20 см, ўсимликлар оралиғи- 15 см. Ишлов бериш. Ўсимлик ораларини ўтлардан тозалаш керак. Дуккакли экинларда қулланиладиган гербицидлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Пивот ёки Пивалт бир гектарга 0,8- 1,0 л гербицидини ўсимлик ўниб чиққандан кейин 10- 15 кун ичида қуллаш мумкин. Бир марта гуллашдан олдин культивация ўтқазилади.

 Суғориш. Мош қурғоқчиликка чидамли, ўсимликлари сувни кўп талаб қилмайди ва вегетация давомида 1- 2 марта суғорилади.. Мош уруғлари ўниб чиқиши учун дала суғорилади. Гуллашдан олдин албатта суғориш керак ва сувга бўлган талаби 1500 м3 – 1700 м3 . Дуккаклари пайдо бўлгандан сунг улар яхши пишиш учун ўсимликларга сув берилмайди.

 Ўғитлаш тартиби. Аралашган ўғитлардаги азот ўсимликларни бўйи ўсишига яхши таъсир этади, фосфор – 75 кг/га, калий – 75 кг/га қўлланилади. Айниқса, фосфорли ўғитлар экинни экиш олдидан берилиши керак чунки фосфор тупроқда ўсимликка таъсир этиши учун маълум вақт зарур. Ўсимликлар гулга киришидан олдин яна озиқлантирилади. Мош етиштириш фойдалиги. Алмашлаб экиш тизимида мош яхши ўтмишдан экин бўлиб ҳисобланади. Мош экин деярли барча ўзидан кейин етиштириладиган экинларни ҳосилдорлигини оширади ва қишлоқ хўжалик экинлари билан яхши уйғунлашади. Мош бошоқли дон ва сабзавот ҳамда бошқа қатор экинлардан кейин такрорий экин сифатида ишлатилиш учун айнан қўл келади. Тупроқ унумдорлигини яхшилайди чунки уни илдизларида вегетация давомида азот йиғувчи бактериялар пайдо бўлади. Шунинг учун мош илдизларни ерда қолдириб ерни хайдаш зарур. Асосий ва такрорий экин сифатида етиштирилганда мошдан юқори хосил олиш мумкин. Катта майдонларда уруғларни сеялка ёрдамида экиши ва юқорида келтирилган навларнинг поянинг устки қисмида шакллангани учун ҳосилни механизация (комбайн) ёрдамида йиғиб олишни ташкил этиш имкониятини беради. Ўсимликнинг кўк массаси чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Турли ҳил таомлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Қузги буғдой ва мош тизимида қўлланиганда янги мош навлари юқори ҳосил ва сифатли дон бериб республикамизнинг экспорт потенциалини оширишади.