Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

 

ИЛМ ВА ИСТЕЪДОД МУЖАССАМЛИГИ

Интизор Рахимовани, дастлаб, олима аёл, фан доктори сифатида таниганман. Мактабда ўқитувчилик қилган йилларим малака ошириш институтида бу ёш олиманинг маърузаларида иштирок этгандим. Ўзининг илми, дунёқараши, нотиқлиги билан  бир гуруҳ тингловчилар қатори менинг ҳам меҳрим тушганди ўшанда. Яқинда эса,  шундай зиёли, истеъдодли олиманинг шоира ҳам эканлигини билиб қолдим. Ва бу ҳақида устоз шоира, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Гавҳар Ибодуллаевага айтганимда, устоз муносиб жавоб бердилар: “Шундай маҳоратли нотиқ, тафаккури баланд олима, назокатли, самимий ва гўзал туйғулари нигоҳларидан балқиб турадиган аёлнинг шоира бўлмаслиги мумкин эмасди...”. Рост –да...  
Интизор Рахимова аллақачон қалами  етилган шоира. Ўз фикрларини теран ва  ўзига хос бадиий гўзал ифодалайди. Тил, ватан, ота-она, муҳаббат, меҳр-оқибат ....қандай мавзу бўлмасин, ҳамма шеърда туйғулари табиий, тоза, самимиятга қоришиқ, аёллик назокатига уйғун ифодалар намоён бўлади. Ана шундай мисралардан келтириб ўтсам:

 Тўкила -тўкила пойинга 
          юрагимда қолмади юрак...
Ёки...
Ортмадим ўзимдан, иш, дедим. 
Ёзни ёз, совуқни қиш, дедим, 
Санчилди юракка ниш, дедим,
Онамни кўргани бораман...

  Интизор Рахимованинг мумтоз шеъриятга ҳам анчайин ҳаваси баланд. Ғазал, маснавий, рубоий жанрида машқ қилиб, бу шаклдаги шеърларни анча яхши уддалай олган ижодкор ҳамдир. Ўйлайманки, бунинг боиси илм ва истеъдоднинг мужассамлигидир. Сўзимнинг исботи сифатида яна намуна келтираман:

 

Ғазал шаклида:

Бошим садқа оёқларингга,
Жоним садқа дудоқларингга.

Ой юзлигим, меҳрингга зорман,
Дош беролмам фироқларингга...  

Маснавий шаклида: 

Эй, ёри ситамкор,
Бул жонима озор.

Бермакми муродинг,
Сабр ила саботинг?

Рубоий шаклида:

Ман бемор бўлмишам бир ёр васлида,
Кўзлари жаллодим қатлим қасдида.
Бошимга тож айлай озорларини, 
Ҳижронидан қўрқар юрак аслида.

Шеърият майдонига чин ихлос, холис ният билан кирган ҳар бир ижодкор ўз муродига етгай. Интизор Рахимова ҳам бу йўлда холис қалб билан ўз қаламини тобора чархлаб, ўз ижодини макаммал қилишга тинимсиз ҳаракат қилиб келмоқда. Қолаверса, энди Интизор Рахимовани Педогогика фанлари бўйича фалсафа доктори деган юксак шарафи ёнида истеъдодли шоира сифатида эътироф қилсак арзийди.  
Янги китоб муборак бўлсин! 

Шоира ШАМС
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 
шоира