Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

ЛАЧАК ТЎЙИ

 

(Ўзбек қадриятлари ва урф-одатлари тўғрисида)

  Тайёрловчи:Рахимова Интизор Рустамовна- Урганч тумани ҳокими ўринбосари,Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи,педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори

   

Хоразм вилоятининг урф-одатлари  ва қадриятлари ва маросимлари ранг-баранглиги ва мазмун жиҳатдан гўзаллиги билан эътиборга лойиқ .Шундай маросимлардан бири “Лачак тўйи” маросимидир. Лачак қадимда ёш, навқирон аёлларга гўзалликларини яшириш, ҳамда соғликларини асраш учун ўралган. Лачак ўраладиган аёлга маросимга ташриф буюрган меҳмонлар биттадан рўмол ёки кийимлик мато олиб келадилар. Бу рўмолларнинг энг чиройлиси, ёрқин ранглиси ва гулдори, айниқса сочоқлиси лачак ўрашда фойдаланилади.

Азалдан ўзбек аёллари 40 ёшга тўлганида бош ўраш маросими, яъни лачак тўйи ўтказишган. ХХ-асрнинг 50-йилларидан эътиборан бу маросимни 60 ёшга тўлганда нишонлаш одат тусига кирди. Эндиликда бу қутлуғ ёшга етган онахонлар ҳам лачак тўйи ўтказишга кам

эътибор бермоқдалар. Аҳён-аҳёнда бўлсада 70-80 ёшни қоралаган момоларнинг бош ўраш маросими учраб турибди. Аёлларнинг ушбу миллий либосни ўраш муддатини кечга суришига сабаб – навқиронлик завқини мўлроқ тотишга бўлган иштиёқлари бўлса керак деб ўйлаймиз.

Одатда лачак тўйи ўзига хос тарзда бўлиб ўтади. Бунда 60 (илгари 40) ёшга тўлган аёл қариндош-тувғонларини чорлаб ош беради.

Онангдан меросинг лачак,

Қиз чоғингда осдинг гажак,

Энди ёш давринг ўтажак,

Дўппингни эгри қўйма.

Дўппингни эгри қўйсанг қўй,

Лачакни эгри қўйма.

Бошингга ўраган чоғи,

Ерга судралар сачоғи,

Лачакдир ўтмишнинг ёди,

Дўппингни эгри қўйма.

Дўппингни эгри ўйсанг қўй,

Лачакни эгри қўйма.

Оғирлиги қурсин – малол,

Елкангни ҳеч қоқмас шамол,

Сўлмасин гулдай жамол,

Дўппингни эгри қўйма.

Дўппингни эгри қўйсанг қўй,

Лачакни эгри қўйма.1

...Қайнона келинига лачакнинг барча матолари билан бирга тароқ ва кўзгу совға қилган. Лачакнинг матоси пахта, қўй жуни, каноп, ипак толалари аралашмасидан тўқилган. Мато қуёш ёруғлигига тутилганида оқ, кўк, сарғиш рангларда жилоланиб турган. Матоси эскирмайдиган лачак аёл вафот этганда унинг охират тўни, яъни кафани вазифасини ҳам бажарган. Лачак матоси эни 40 см, узунлиги 16-18 метр қилиб тўқилган. Лачак таркибининг муҳим элементларидан бири - тахя (тахия) тайёрлаш ўзига хос мураккаб жараён эди.

Лачак таркибидаги ҳар бир деталь муҳим вазифани бажарган:

        1. Томоқса ипакдан ишланиб, сон-саноқсиз майда тиғиз мунчоқ билан безалган ва бўйинни тўлатўкис ўраб турган. Томоқса камон ўқи, қилич каби совуқ қуролларнинг бўйинга зарарини камайтириш учун пишиқ ишланган.

 2. Лачак таркибидаги халақа аёлнинг бошидан то тўпиғигача тушадиган 25 - 30 см кенгликдаги энсиз мато бўлиб, аёлнинг бўйи баландлигига қараб 2 - 3 метр узунликда тайёрланган.

3. Юз бостирги - тол аёл номаҳрамни кўрганда юзини беркитиши учун мўлжалланган. Юз ёпинчиғи орқали аёл киши ён атрофни бемалол кўрган, лекин аёл юзи кўринмаган. Бу хусусда Хоразм халқ қўшиқларида “Оқ юзига ёпар қаро толини” деган таъриф келтирилган.

4. Катта чарқат рўмол, халқ тилида матир рўмол ҳам дейилган. Лачак таркибидаги бу рўмол сотиб олинган.

 5. Етти хир – йўл лачакни томоқса, халақа, тол билан боғлайдиган ички ўзаги, энсиз 16 метрлик етти дона (уч, беш дона бўлиши ҳам мумкин) ип рўмолдан иборат бўлган. Камалак жилосига ҳамда ҳафтанинг етти кунлигига ишора тарзида яхши ниятлар айтилиб ўралган рўмоллар лачакка чирой бағишлаган.

6. Катта сочоқли ипак рўмол. Бу рўмол лачакни катталаштириб, ҳайбатли кўрсатган. Совуқ кунларда аёллар рўмолни аввал бўйнидан, сўнгра бошидан боғлаганлар.

7. Хапавант – лачакнинг орт томонидан туширилган мато бўлаги бўлиб, аёл кишининг бел қисмини ўраб, деярли кўйлак узунлигига монанд бўлган.

 8. Жамалак - аёллар соч попуги, қора рангдаги ипак ипдан тузатилган ва кўз тегмаслиги учун кўплаб садафлар, дарахт ёғочларининг 2 см узунликдаги нозик бўлаклари билан безалган.

9. Лачак таркибида доимо қизил рангдаги боғич ишлатилган. Бошқа рангдаги боғич боғланмаган. Чунки, хоразмликлар наздида, қизил ранг ҳаёт жўшқинлиги, ёшлик, аёл жисмининг навқирон қолиши ниятини рамзлаштирган. Қизил боғич зардуштийлик билан боғлиқ бўлиб, Хоразмдаги эркаклар кийимлари, аёллар тўнлари, чақалоқлар кийимлари ва тўй учун тикилган кўрпаларда қизил рангли мағиз ишлатилган.2

 1. Эрпўлат БАХТ .ЛАЧАКНИ ЭГРИ ҚЎЙМА/ https://www.facebook.com/197589830429726/posts/417085181813522/-2015

2. ХОРАЗМ АЁЛЛАРИНИНГ БОШ КИЙИМИ - ЛАЧАК (Ҳазорасп тумани мисолида) Ю.М. Рахманова, к.и.х., т.ф.н., Хоразм Маъмун академияси, Хива -2000 http://www.mamun.uz/uploads/journal/files/1611636445.pdf

 

 Суратда: Урганч тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи 1951 йилда туғилган Джуманиязова Шарипа момо