Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

МАҲАЛЛА НОМИ – МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

 

         Маълумки, географик объектлар номлари  залворли тарихимиз, ўлкамизнинг ўзига хос хусусиятлари ва ҳудудларнинг географик жойлашувини ифода этувчи илмий, сиёсий, амалий ва тарбиявий хусусиятларга эга бўлганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Ватанимизда ўтмишда содир бўлган тарихий ўтган воқеа ва ҳодисалар айрим жой номларида муҳрланиб қолган. Кўпгина географик номлар жойларнинг табиий шароити, яъни рельефи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, аҳолининг хўжалик фаолиятидан ҳам ахборот беради. 

 “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  Қонунига мувофиқ  “географик объектлар — Ернинг ҳозирда ёки ўтмишда мавжуд бўлган ҳамда муайян ўрнашган жойи билан тавсифланадиган, келиб чиқиши табиий ёки сунъий бўлган яхлит ва нисбатан барқарор ҳосилалари. Улар жумласига: маъмурий-ҳудудий бирликлар (вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар); аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмлари (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонлар); транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектлари (темир йўл станциялари, автостанциялар, метрополитен станциялари, вокзаллар, аэропортлар, портлар, пристанлар, кўприклар, разъездлар, йўллар, каналлар, сув омборлари, тўғонлар, дамбалар); табиий объектлар (дарёлар, кўллар, музликлар, текисликлар, тоғлар, тоғ тизмалари, ғорлар, чўллар, водийлар, даралар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ёнбағирлар, фойдали қазилмалар конлари) ва бошқа шу каби объектлар киради..”.

         Географик объектларнинг номлари билан шуғулланувчи фан топонимика (юнон тилида τοπος – “жой” ва ονομά – “ном”) деб юритилади.  Гeoграфик объектларнинг нoмлари атoқли oтлар саналиб, маълум бир мазмунга, ўзига хос жойлашув ҳусусиятига эга, аниқ бир халқ тилидан oлинган сўз бўлиб, муайян тарихий шарoит ёки вoқелик мунoсабати билан аталган.

         Урганч туманида бугунги кунда 60 та маҳалла мавжуд. Баъзи бир маҳалла номлари юзасидан муайян тўхтамга келиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳ.Ҳ.Ҳасанов “Географик номлар сири” китобида жой номларини 10 та гуруҳга ажратади:

 1) жойнинг ҳолати, хосияти, ер юзаси ва иқлимига боғлиқ номлар;

2) сувга боғлиқ номлар (гидротопонимлар);

3) ўсимлик ва ҳайвонларга боғлиқ номлар;

4) фойдали қазилмаларга боғлиқ номлар;

5) ҳунар-касбдан, маъмуриятдан олинган номлар;

6) халқ, қабила, уруғларга боғлиқ номлар;

7) шахсларнинг исм-фамилияларига қўйиладиган номлар;

8) афсонавий ва диний номлар;

9) ғаройиб номлар;

10) янги замон номлари.

Урганч тумани ҳудудида жойлашган маҳаллалар номини ушбу тасниф асосида қуйидагича жойлаштириш мумкин:

  1. Жойнинг ҳолати, хосияти, ер юзаси ва иқлимига боғлиқ номлар:

Чўлобод, Қумровот, Юқориовул, Бешайвон, Ровот, Кўнаовул, Оқ мактаб;

  1. Сувга боғлиқ номлар (гидротопонимлар):

Мироблар, Жайхун, Учкўприк, Чаккакўли, Олтинкўл, Оқёп, Ўртадўрман;

  1. Ўсимлик ва ҳайвонларга боғлиқ номлар: Анжирчи, Оқ ариклар, Мевазор, Бўстон, Боғдорчи, Гулобод, Оёқбоғ, Каттабоғ, Оқ олтин, Янги Ўртабоғ;
  2. Ҳунар-касбдан, маъмуриятдан олинган номлар: Мергановул, Арбоблар, Бахшилар, Бободеҳқон, Тандирчи, Заргарлар, Шоликорлар, Қайчили, Тадқиқотчилар;
  3. Халқ, қабила, уруғларга боғлиқ номлар: Уйшин, Араблар, Боқайлар, Қипчоқ, Қорамон, Шохидонлар, Хожибойлар, Туркманлар, Қўнғирот, Киллавут, Чандир, Қиёт, Ўртадўрман;
  4. Шахсларнинг исм-фамилияларига қўйиладиган номлар: Комилжон Отаниёзов номидаги, Мунис Хоразмий номидаги, Абу Райҳон Беруний номидаги, Ҳамид Олимжон номидаги, Шерматлар;
  5. Янги замон номлари: Орзу, Обод, Ҳилол, Ҳидоят, Ёшлик, Шодлик, Янгиобод, Ғалаба, Адолат.

Оқ ариклар маҳалласи ҳақида сўз кетар экан, Ш.Б.Қурбоновнинг “Хоразм воҳаси қишлоқ жойлари топонимлари ҳақида баъзи бир мулоҳазалар”  номли мақоласида ушбу маҳалла номи гидроним  (солма, ариқ) номи сифатида келтирилади. Ушбу ҳолат юзасидан маҳалла фаолларининг мулоҳазалари билан ўртоқлашиш мақсадга мувофиқ.         Чунки, “Қорамон” (Қоромон), “Оқ ариклар” (Оқ ариқлар) топонимлари маҳаллалар ва ҳокимликнинг расмий манбалари ва ҳужжатларида “Қоромон” ҳамда “Оқ ариклар” тарзида юритилмоқда.

         “Қорамон” топоними тўғрисидаги баъзи бир манбаларга таянган ҳолда мулоҳаза юритсак. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да ва бошқа манбаларда келтирилишича:

  1. УРГАНЧ ТУМАНИ - Хоразм вилоятидаги туман. 1926 й. 29 сент.да ташкил этилган. 1962 й. 24 дек.да Шовот туманига қўшилган, 1964 й. 31 дек.да қайта ташкил этилган. Шаркдан Хонқа, ғарбдан Қўшкўпир, Шовот ва Янгибозор туманлари, шим.дан Гурлан тумани ва Қорақалпоғистон Республикаси, жан.дан Хива, Янтиариқ туманлари б-н чегарадош. Майд. 0,46 минг км2. Аҳолиси 141,1 минг киши (2004). Туманда 1 шаҳарча (Чалиш), 10 қишлоқ фуқаролар йиғини (Бекобод, Чаккашоликор, Чандирқиёт, Чаткўпир, Юқорибоғ, Юқоридўрман, Қорамон, Қоровул, Ғалаба, Ғойбу) бор. Туман маркази - Қоровул қишлоғи[1]. (ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ У ҲАРФИ «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти. ТОШКЕНТ)”.
  2. “...Лекин Журжоний 1368 йилгача Ҳиротда бўлган. Сўнгра турк файласуфи Муҳаммад Оқсароийдан таълим олиш учун Қорамон шаҳрига жўнаган”[2].
  3. “...Хонбандини Бўғрохон (859-955) ва унинг авлодлари – Қарахонлилар ( 10-аср) қурганмиш. Сотиқ Бўғрохон ўзини Қорахон, яъни Улуғ хон деб атаган.   Менинг талқинимча: бу ҳақиқатга жуда яқин ривоят . Ҳатто, назаримда айни ҳақиқат. Бунга тоғ тўрида жойлашган Қорахон қишлоғи ҳам гувоҳдир. Қишлоқ улуси ўз келиб чиқишини Қорахонга боғлайди. Ўз уруғини ” Қорахон” дейди.
Қорахонидан қуйида Қоратош қишлоғи эли, Қорамон уруғи яшайди. Боғдон халқининг ҳам бош уруғи: ҚОРАМОН
Аҳмад  Яссавийнинг менга сирлидай туюлган мана бу иккилиги эсимдан чиқмайди:
Оқмон билан Қорамон
Сурган экан кўп даврон…
Қорахон,
Қорамон бир қавм. Яъни : Сомонийлар давлатига барҳам берган, Қорахонлилар салтанатига асос солган буюк Қарлуқлар авлоди.
Қарахон,
Қорамон.
Икковининг ҳам ўзаги: Қора. Қора-эски туркчада “улуғ” дегани.  Улуғ билан хон қўшиб айтилса, Улуғхон атамаси келиб чиқади.  Хон эса ҳоқон сўзидан туғилган.  Қорахон, Қорамон уруғлари бу сулув водийда Хонбанди сув омборини қурганлар ва экинчилик билан шуғулланганлар...”[3].
Иккинчи фаразга кўра, Қорамон –дарахт тури. Ушбу тахмин юзасидан ҳам маълумотларни таҳлил қилган ҳолда қуйидагиларни келтириш мумкин:
  1. “Хива йўлин икки чети қоромон,
    Қоромондо ўсган гўззи қоромон.
    Ёрим гўрсанмийди Хиво йўлиндо,
    Юрак қоним гўз ёшимо қоромон”-дея Хоразм оҳангларида таърифлаган эдилар севимли шоиримиз М.Абдулҳаким.
  2. “Гужум  дарахти халқ селекцияси маҳсули эмас, у Аму соҳилларида азалдан табиий ҳолда ўсади, — дейди биология фанлари номзоди Авазяз Жуманиёзов. — Мазкур тур илдизи ва уруғидан кўпаяди. У садақайрағоч, яъни  қорамон дарахтига пайванд қилинса, сизот сувларига чидамлилиги янада мустаҳкамланади, умри эса узаяди” ( Ойбек РАҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири ,”Хоразм гужумлари” мақоласи)[4].
3.“Амударё жўғрофик минтақаси ўзига хос ноёб наботот оламига эга. Бу ерларда тўронғил, юлғун, қорамон, гужум каби бошқа вилоятларда камчил саналган бутасимон ўсимликларни учратиш мумкин” (Эрпўлат БАХТ) [5].
Юқоридаги манбаларга таянган ҳолда маҳалланинг номи ҳудудда кенг тарқалган дарахт номи билан аталган, дея тахмин қилсакда, географик объект номи “Қорамон” тарзида ёзувда ифода этилиши ва талаффуз қилиниши лозим, деб ўйлаймиз.
Демак, Қоромон ва Оқ ариклар топонимларини манбаларга асосланиб, “Қорамон” ҳамда “Оқ ариқлар” тарзида ифодалаш мақсадга мувофиқ.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин аслида. Ҳар бир атама юртимиз кўркига кўрк қўшиши, халқимизнинг бой маънавиятини ва саводхонлигини ўзида ифода этиши лозим. Бу хайрли иш учун барчамиз бирдек ҳисса қўшишимиз, бу каби масалаларга лоқайд қарамаслигимиз зарур. Шу муқаддас юртнинг фарзанди сифатида ўз ҳудудимиз номларини тўғри ёзилиши ва юритилишига бирдек масъулмиз.
И.Р.Рахимова- Урганч тумани ҳокими маслаҳатчиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори