Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

 

НАВОИЙ ГУЛШАНИГА САЙР

Рахимова Интизор Рустамовна

Урганч тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги  қонун ҳужжатларига риоя этилишини  таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси,  п.ф.ф.д

 

Алишер Навоий шеърият мулкининг султони,  таржимон, тилшунос олим ҳамда давлат арбоби сифатида   миллатимиз тарихида муносиб из қолдирган.  Навоий илмий ва адабий меросидан ўрин олган  рубоийлар, қитъалар, туюқлар, ғазаллар ҳамда  достонлари инсонларни бахту-саодатга  эришиши, ҳаётининг фаровонлиги, аҳлоқининг гўзал бўлишига қаратилган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4865-сонли Қарорида “Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади”,- дея эътироф этилади.

Алишер Навоийнинг теран нигоҳи оила, фарзандлик бурчи, садоқат ва вафо, сабру тоқат, шукроналик сингари туйғуларни қалам орқали бадиий ифода қилган.

Алишер Навоий ижоди ўзига хос ҳикматлар гулшанидир. Бу гулшанга ошно бўлган ҳар бир гўзаллик ва илму адаб шайдоси ўз руҳиятига мос ҳикматни топа олади. Ҳаёт йўлида бу ҳикматга таяниб кам бўлмайди. Мутафаккир олам ва одам билан боғлик барча воқеа-тушунчаларни тафаккур  тарозисига тортиб, дил дардини қўшиб дафтарга тушган. Сўздан бунёд бўлган дуру жавоҳирлар асрлар силсиласи оша ўзининг маҳобати-ю, аҳамиятини, қадр-қимматини янада оширган.

Алишер Навоий ўзининг бадиий ҳамда  таълимий-ахлоқий асарларида комил инсонга хос ахлоқий фазилатлар деб саховат, адаб, қаноат, адолатлилик, инсонпарварлик, мурувват, вафо, тўғрилик, ростгўйлик сингари хислатларни тушунган, шу сингари гўзал ахлоқ эгалари бўлган инсонларда ёмонлик, разиллик, ҳасадгўйлик, жабр-ситам кўрсатиш каби ҳолатлар кузатилмаслиги, инсонларнинг тинч ва фаровон ҳаёти эвазига бунёд бўлган  жамият ҳам равнақ топажаги ҳақида қайғурган.

Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратилган шеърий мероси асосан «Хазойин ул-маоний» девонида мужассам. Асар тўрт қисмдан иборат бўлиб, мутафаккир девоннинг биринчи қисмини «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисмини «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисмини «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва ниҳоят, тўртинчи қисмига «Фавойид ул-кибар» («Кексалик фойдалари») дея номлайди.

 Буюк даҳо сўз ва унинг имкониятлари, тил орқали келадиган ранжу офатлар ҳақида ўз асарларида муайян қарашларини келтириб ўтади.

“Бир улким, чу сўздиндур инсон шариф,

 Чу ҳайвонга сўз йўқтур, улдур касиф.

 Кўнгул дуржи ичра гуҳар сўздурур,

 Башар гулшанида самар сўздурур”, - дея таърифлайди шоир “Ғаройиб ус- сиғар” асарида.

Ёлғон сўзлар гапирувчининг  эл олдидаги, донолар ҳузуридаги обрў-эътиборининг камайишини қуйидаги:

 “Суз ичраки, ёлгон эрур нописанд,

Чу назм эттилар, килди доно писанд”,- мисраларига жо қилиб, ўқувчини ёлғон гапириш ҳамда алдоқчиликдан тийилишга чорлайди.

 Алишер Навоий “Бадоеъ ул-васат” асаридан жой олган қитъада:

   “Чун ғараз сўздин эрур маъни анга,

     Ноқил ўлса хоҳ хотун, хоҳ эр.

     Сўзчи холин боқма, боқ сўз ҳолини,

     Кўрма ким дер они, кўргилким не дер”, - дея, баъзида инсонларга хос бўлган кибру ҳавога берилиш, ғаразгўйлик сингари иллатларни танқид қилиб, гапирувчининг кийими-ю, ташқи кўринишига эътибор бермасдан, у айтмоқчи бўлаётган сўзнинг маънисини англашга ундайди.

Инсонларнинг ҳаётидаги ўзида бор нарсалар ва неъматларнинг қадрига етмаслик, ношукурлик қилишларини қоралаб, «Бадоеъ ул-васат» асарида шундай дейди:

“Улки, ифлосдин аёғинда
Кафш йўли азми чоғи йўқтур анинг,
Шукр қилдик боқиб бирав сари
Ки, юрурга аёғи йўқтур анинг”.

Алишер Навоий инсоннинг бу ёруғ дунё юзини кўришлиги, жисмонан соғлом, ақлан етук фарзанд сифатида камол топиши, ота-она олдидаги бурч ва масъулият, фарзандлар бу икки сиймо олдида қарздор эканлигини  ва тоабад хизматларида бўлмоқ ва ҳурмат бажо келтирмоқликлари лозимлигини “Ҳайрат ул-аброр”достонида қуйидаги сатрлар орқали ифода этади:

Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.   
Тун-кунунга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Алишер Навоий маънавият тушунчасини кенг маънода сўз сеҳри орқали китобхонлар онгу шуурига сингдира олган донишманддир. Она юртимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” бош тамойили асосида қадам қўйилар экан, миллий уйғониш ва ўзликни англаш, инсон қадрини барча нарсадан устун қўйиш, тараққиёт ва ўзгаришлар сари юзланишда  буюк шоирнинг маънавий меросига таянамиз.

Алишер Навоийнинг умрибоқий асарлари, бой маънавий мероси асрлар силсиласи  оша ёш авлодга ғурур, миллий ифтихор, меҳру вафо, илму ҳунар ўрганишга иштиёқ, камтарлик, саховатпешалик, ширинсўзлик, ожизларни ҳимоя қилиш, ватанпарварлик ва она тилимизга нисбатан эҳтиром  сингари хусусиятларни безавол инъом қилаверади.