Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

Ер юзидаги ҳеч бир халқ ўзлигини англамасдан, миллий қадриятлари ва миллий маданиятини  асраб-авайламасдан юксакликка бўй чўза олмайди. Ўзбек халқи ўз қадриятлари ва ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оилага таянади. Оила мурғак вужуд қалбида энг покиза туйғуларни шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Дунёга келган фарзанд айнан оила бағрида бир қатор дастлабки ҳаётий кўникмаларни эгаллайди. Дарҳақиқат,  қадимдан миллий урф-одат ва анъаналаримизни ёш авлод онгига сингдиришда, уларни жисмонан баркамол, маънан етук, меҳр-оқибатли, саховатпеша, ўзгалар дардини ҳис қила олувчи, йиқилганга тиргак бўла оладиган инсонлар қилиб тарбиялашда соғлом оила муҳити муҳим ўрин касб этади.

         “Қадрият” атамаси инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган миллат, элат ёки қайсидир ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари ва мақсадларига хизмат қиладиган табиат ва жамият неъматлари ҳисобланади.

         Қадриятлар халқимизнинг бебаҳо бойлиги сифатида маданий-маърифий ҳодисалар, урф-одатлар, анъаналари замирида инсон қадр-қимматини ошишига хизмат қилади. Оилада болага саломлашишдан тортиб тўғри оқатланиш, кийиниш, катталар ва тенгдошлар билан ўзаро мулоқот, жамоатчилик ичида ўзини тутиш сингари  маънавий-маърифий, юриш-туриш билан боғлиқ қадриятлар сингдириб борилади.

         Бола ўзини англаш сари қадам қўйганидан теварак-атрофни, яқинларини, унга ғамхўрлик қилаётган ота-оналарини танишни ва уларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш ва ўзлаштиришни бошлайди. Ўзбек оилаларига хос бўлган меҳнатсеварлик, садоқат, самимият, ишонч, ватанни севмоқлик, адолат, поклик, тўғрилик сингари фазилатлар шахсий намуна сифатида ота-онадан фарзандга бевосита сингдирилади. Урф-одат ва анъаналаримиз, маданиятимиздан баҳраманд бўлган ўғил-қизларимизнинг ҳаёт тарзига  ёшликларидан ота-оналарига кўмак бериш, сўнгра ўз оилалари учун қайғуриш ҳисси сингиб боради.

         Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг марҳамат қилишларича: “ Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-онанинг фарзандига берадиган энг яхши ҳадяси қимматбаҳо кийимлару, тотли таомлар ва совғалар эмас, балки гўзал хулқ, яхши тарбия ҳамда одоб билан сайқал топган муомаласидадир.

            Ўзбек оилаларида истиқомат қилаётган кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эҳтиром замирида пиру бадавлат онахонлару-отахонларимизни эъзозлаш, уларнинг ўгитлари, панд-насиҳатларига амал қилиш, кексайган чоғларида таянч бўла олиш сингари қадриятлар мавжуд. Дастурхон атрофидаги йиғинларда кекса авлод вакиллари халқимизнинг  нодир ижод намуналари мақол, маталлар, ривоятлару ҳикматлар орқали турли хил маиший масалалар ва муаммоларга ечимлар кўрсатилади. Кексайган ота-оналарга кийим ёки пул эмас, балки оила аъзоларининг ширин сўзи ва тасаллиси, руҳий далдасидан, эътиборидан ортиқроқ нарсанинг ўзи йўқ. Танишларимдан бирининг  ёши 90 дан ўтган бувисига кўйлаклик мато совға қилганида бувиси: “...ярашган пайтда киёлмадим, тенгдошлар орасида яйраб юрмадим, энди ётоққа боғланиб қолган бир пайтимда бу нарсаларингни нима ҳам қилардим. Менга сизларнинг дийдорингизни кўришни ўзи етади”,- дея ўкингани  айтиб бергани қулоғим остида жаранглайди. Ҳозирда нимжон ва касалманд бу вужуд бизни ёки ота-онамизни бир пайтлар кўтариб боққанлари каби уларга таянч бўлиш ҳаётларига мазмун бахш этса ажаб эмас. Кексаларга кўрсатилаётган  меҳр-оқибат ва мурувват оиладаги учинчи авлод вакилларига ўз ота-оналарининг қарилик гаштини осойишталик ва бахтиёрликда ўтказишларини таъминлайди. Зеро ҳар биримиз камолга етказган ва мислсиз муҳаббат, беминнат нон-тузи билан сийлаган волидасию падари олдида бир умр қарздордир.

         Амир Темур хонадонида ўрнатилган тартибга асосан, шаҳзодалар тарбияси уларнинг оналари зиммасида эмас, балки буви-бибилари зиммасида бўлган. Бўлғуси олим Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим ҳаёт бўлсаларда, унинг оилавий тарбияси билан Сароймулкхоним шуғулланиб келганлиги тарихий манбаларда келтирилган. Амир Темур ўз навбатида бобо сифатида Мирзо Улуғбекнинг ҳарбий иш, давлатни одора қилиш, илм эгаллаш борасидаги тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Натижада Мирзо Улуғбек маърифатпарвар давлат арбоби, бутун дунёга машҳур олим, етук фалакиётшунос бўлиб етишади.

         Кексаларнинг ибратли ҳаёт йўли, ўгитлари, йиллар силсиласида тобланган чуқур ҳаётий  тажрибаси ёшларимизнинг ўз йўлини тўғри танлай олишида қарийб барча асрлар давомида маёқ вазифасини ўтаб келмоқда.

         Аксарият оилаларда бугунги кунда оила аъзоларининг бир-биридан тобора узоқлашиши ва бегоналашувининг гувоҳи бўламиз. Замонавий оила қиёфаси – ҳар бир оила аъзоси телевизор олдида соатлаб банд бўлиб қолаётган, ёки қўлида уяли алоқа воситаси билан ўз ҳудудига беркиниб олиши, ўзаро совуқ муносабатлар, турли авлод вакилларининг гўё бир-бирини тушунмаётганлиги сингари тасвирларда намоён бўлмоқда. Баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача рўзғор ташвишида жамиятнинг турли жабҳаларида иш билан банд бўлади, айримлари мақсадсиз кўча-кўйда юради ва уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига деярли вақт ажрата олмайди. Ташқи кўринишдан агар “оила” деб аташ мумкин бўлса, бу даргоҳда оила аҳлини шунчаки бир бошпана боғлаб туради холос. Деярли бир-бирини тушунмайдиган, самимий суҳбатлар олиб бориш ўрнини совуққина ижтимоий, зарурий савол-жавоблар билан якун топувчи диалоглар эгалламоқда. Тўғри, биз ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Шуни унутмаслигимиз лозимки, оиладаги бу каби совуқ муносабатлар фарзандларимизни қўш қўллаб ёт оқимлару, бегона маданиятлар таъсирига тушиб қолишларига туртки бўлади.

         Оилалар соғлом экан - жамият мустаҳкам бўлади, Мустаҳкам жамиятда эса тинчлик, фаровонлик, осойишталик ва тўкинликнинг барқарорлиги таъминланади. Жамиятимизнинг осойишталиги ва барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш эса ҳар бир ватандошимизнинг вазифасидир.

 

         Рахимова Интизор Рустамовна - маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Урганч тумани ҳокими маслаҳатчиси