Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

Ассалому алайкум, қадрли ва муҳтарам тумандошлар!

 Айни кунларда юртимизда Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини халқимиз катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.

 Албатта, мамлакатимизда бевосита ҳурматли Президентимиз раҳбарликларида янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор. 

 Ҳурматли дўстлар!

 Тарихдан маълумки, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. 

 Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

 Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

 Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини тўла оқламоқда.

Ҳалқимизда “Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз. 

 Маълумки, байрам арафасида турли соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг катта бир гуруҳи давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларнинг барчасини қизғин табриклаб, ижтимоий фаолиятлари ва шахсий ҳаётларида янги-янги муваффақиятлар тилайман.

 Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ўз инсоний бурчи ва фуқаролик масъулиятини чуқур англаб, истиқлолимизни мустаҳкамлаш учун фидокорона меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларга, қурувчи ва тадбиркорларга, фермер ва деҳқонларга, навқирон ёшларимизга яна бир бор самимий раҳмат айтаман.

 Эл-юрт манфаати йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳурматли депутатлар, ҳокимият идоралари ходимлари ва маҳалла фаолларига, ҳарбийларга, илмий ва ижодкор зиёлиларга, муҳтарам нуронийларимизга, кенг жамоатчилик вакилларига чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман.

 Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

 Сизларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

 Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин! 

 Гўзал ва бетакрор юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин!

 Мустақиллигимиз абадий бўлсин!