Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан қабул қилинган Ҳукумат қарори (449-сон, 22.07.2020 й.) билан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда мамлакатда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти  ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмлар, тиббий техникалар, дори воситалари  ва биологик фаол моддаларни Ўзбекистон Республкасига олиб кириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан реализация қилиш тартиби соддалаштирилди.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар:

84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар, шу жумладан кислород концентраторлар, пульс оксиметрлари ҳамда цинк, магний, селен ёки витамин “Д” моддаларини сақловчи биологик фаол қўшимчалар импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда) ва реализация қилиш;

46 турдаги дори воситалари импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда уларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш асосида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда)  ва реализация қилишга рухсат берилди.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг (Агентлик) қўшма хулосаси асосида қарорда белгиланган тиббий буюмлар, тиббий техникалар, дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхатларига қўшимчалар  ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Тиббий буюм, тиббий техникалар, шу жумладан кислород концентраторлар, биологик фаол қўшимчалар ва дори воситалари импорти билан шуғулланувчи ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар:

маҳсулот сифати ва хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади ҳамда ўзлари томонидан реализация қилинган маҳсулот ҳақидаги маълумотларни маҳсулот реализация қилинган кундан бошлаб 5 кун ичида Агентликка тақдим этишлари;

дори воситаларини сертификатлаштириш учун дори воситасининг қадоғида ҳалқаро патентланмаган номини ўзбек ёки рус ёҳуд инглиз тилида кўрсатилишини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқарувчи корхонанинг синов баённомасини ва синов усуллари кўрсатилган ҳужжатни тақдим этишлари шарт.

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши 2020 йил 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Айрим дори воситалар, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга Республика махсус комиссияси томонидан рухсат берилиши мумкин.

 

 

         Урганч туман адлия бўлими бошлиғи Жонибек Қурбонов