×
03-июл 2024 yil 139

Statistika

Аҳолини рўйхатга олиш: унинг моҳияти нимада?

 

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик ишлари кўрилмоқда. Яъни рўйхатга олишнинг фундаментал асосларини яратиш - маҳаллалар кесимида ҳудудларнинг янгиланган хариталарини тайёрлаш, хонадонларни рақамлаштириш, кўчаларга ном бериш, нотурар объектларнинг картографик мониторингини юритиш каби ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг аҳамияти ва заруратини қуйидагича тушунтириб берсам. Масалан, Хоразмда бандлик масаласи қай аҳволда, Бухорода нечта таълим муассасаси бор, Наманган водийсида аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар, ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт. Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунингдек, бу тадбир аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.



                   Хўш, мазкур тадбир бизга нима беради?

Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди. 

Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади.

Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Яъни бундан бу ёғига қоғозбозликдан воз кечиб, замонавий технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади. Маълумки рўйхатга олиш ишлари бевосита хонадонма-хонадон юрган ҳолда, сўровнома варақлари асосида олиб борилиши кўзда тутилган. 

Урганч туман статистика бўлими 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech