М У Р О Ж А А Т И
Ҳурматли фермер ва деҳқонлар, сувни тежанг ва қадрланг!Бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида сувни тежаш, ундан мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланиш, исроф бўлишига барҳам бериш орқали биз келгуси авлодларимиз олдидаги энг олий бурчимизни ҳам бажарган бўламиз.
Маълумки, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида “Қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ўтказилган йиғилишда 2025 йил сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилинди.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда 2 миллион гектар ерни суғориш учун
8,3 миллиард киловатт электр энергияси сарфланган бўлса, жорий йилда
2,5 миллион гектар ерни суғоришга 1 минг 600 дан зиёд насос станциялари учун 6,8 миллиард киловатт электр энергияси сарфланган.
Келгуси йилда эса, давлат хусусий шериклик асосида тежамкор насос ва қуёш панелларини ўрнатиб, 20 фоиз электрни тежамкорликка эришиш мумкин.
Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли – рақамлаштириш экани аёнлашиб бормоқда. Шу боис сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилиб, сув истеъмоли ва уни ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизими ишга туширилади. Бу эса “онлайн” назорат ва “ақлли сув” қурилмасидан олинадиган маълумотларни жамлаб, таҳлил қилишда қўл келади.
Мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш борасида йиллар давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Мисол учун, ўтган йили 2 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани натижасида 2 миллиард метр куб сув тежалди.
Қорақалпоғистон Республикасида жорий этилган фермерларга лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлар билан текисланган ҳар бир гектар экин майдонига сарфланган ёнилғи-мойлаш материаллари харажатларининг
100 фоизини қоплаш мақсадида, 1 миллион сўмдан субсидия бериш тизими Хоразм вилоятига ҳам жорий этилади.
Пахта ва ғалла майдонларига ўрнатилган сув тежовчи ускуналар учун бир йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга ҳар бир гектарга 25 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган.
Томчилатиб суғориш тизими ўрнатилганда ҳар гектар сабзавот, картошка, узум, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар учун гектарига 8 миллион сўмдан, мевали экинларга 6 миллион сўм ва полиз экинларига 1,3 миллион сўм субсидия берилади.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этган фермер хўжаликларига субсидия ажратилади ва шу экин ерлари беш йил муддатга ер солиғидан озод қилинган ва сув ҳисоблагич ўрнатилганда сув солиғидан
30 фоиз имтиёз берилади.
Келгуси йилда ҳам ушбу мақсадлар учун 700 миллиард сўм субсидия,
2,5 триллион сўм кредит ажратилади.
Бу имкониятлар фермер ва деҳқонларимизни янада руҳлантиради, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.
Сувни ҳар ким ўзи ва келажак авлод учун тежаши зарур!
Хабарингиз бор, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига сарфланадиган
91 фоизи сув ресурсларининг бешдан бир қисми юртимизда, қолгани эса қўшни давлатлар ҳудудида шаклланади. Бу ҳам бизни ҳушёрликка чорлаши керак!
Шу боис, баҳор ва куздаги сел сувларини йиғадиган омборлар ташкил этиш ва уларда тўпланган сув захираларидан унумли фойдаланиш талаб этилмоқда. Мисол учун, Қўшработ туманининг “Хонназор”, “Чорлоқ”, “Қўрғон”, “Шовона” ва “Қийқим” маҳаллаларидан ўтган сойдан йилига
36 миллион куб метр сувни йиғиш имкониятидан фойдаланиб, кичик сув омбори қурилса, 2,5 минг гектар ерни ўзлаштириш ва интенсив сабзавотчилик учун аҳолига бериб, 4 минг нафар фуқарони иш билан таъминлаш орқали 600 та оилани камбағалликдан чиқариш мумкин.
Бундай сел сув омборларини Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Фарғонадаги яна 9 та туманда барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имконияти мавжуд.
Азиз миришкорлар!
Глобал иқлим ўзгаришлари, минтақамизда ёғингарчилик миқдорининг йилдан-йилга камайиши сув ресурсларига ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Қолаверса, соҳа мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилга бориб Марказий Осиё давлатларининг айрим ҳудудларида сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробарга ошиши мумкин.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг яна бир воситаси ирригация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, ишчи ҳолатини сақлаш, 18 минг км магистрал ва 94 минг км ички каналларни бетонлаштириш орқали сув тежамкорлигига эришишдир.
Мамлакатимизда сўнги йилларда сув тежовчи технологияларни қўллаётганларнинг сони йилдан-йилга ортмоқда. Айниқса, ерни лазерли ускунасида текислаш, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулида суғориш оммалашмоқда.
Тажрибали деҳқонлар яхши биладики, томчилатиб суғориш далага эмас, ўсимликка сув бериш дегани. Анъанавий суғоришда ўғит сувга оқиб, зовурларда қамишни кўпайтираётган бўлса, томчилатиб суғоришда ўғит айнан экинларга бир хил етказиб берилиши ҳисобига ҳосилдорлик ошмоқда.
Сиз ҳам илғорлар ва тежамкорлар сафига қўшилинг, “Сув зар – сувчи заргар” деган мақол бежизга айтилмаган. Қишлоқ хўжалигида заргарона маҳорат билан сувдан унумли фойдаланинг! Тежамкорликнинг замонавий усулларини қўллаб, сув беҳуда сарф бўлишига йўл қўйманг, бу борада бошқаларга намуна бўлинг!
“Отанг мироб бўлса ҳам, ариғингни чуқур қазгин”, деган нақлга амал қилиб, ишни куз-қиш мавсумида ўз ҳудудингизда қуйидаги ишларни амалга оширишингиз зарур:
биринчидан, ерни лазерли текислаш ишларини бажариб, сув тежовчи технологиялардан (томчилаш, ёмғирлаш, дискрет) кенг фойдаланинг!
иккинчидан, сув тежамкорлигига эришиш мақсадида магистрал ва ички каналларни бетонлашда фаол иштирок этинг!
учинчидан, эски насосларнинг ўрнига янги, энергия тежамкор насосларни ўрнатишга шошилинг!
тўртинчидан, қуёш панеллари ўрнатиб, электр энергия учун харажатларни камайтириш орқали юқори иқтисодий самарадорликка эришинг!
бешинчидан, ердан самарали фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришинг ва даромадингизни оширинг!
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши раёсати аъзолари