Жорий йилнинг 2 май куни телеграм ижтимоий тармоғи орқали “Урганч туманида яшовчи темир дафтарда турувчи фуқаро ёрдам сўраб мурожаат қилганди бир неча кун олдин. биз мурожаатни раҳбарларга етказгандик. минг афсус шу инсонни ҳолидан хабар олинмаган. шу инсон вафот қилди хозир” мазмунли ёритилган хабар Урганч туман ҳокимлиги томонидан тўлиқ ўрганилди.
Унга асосан, Урганч тумани “Бахшилар” маҳалласи Алпомиш кўчаси 140/12-уйда яшовчи фуқаро Я.Худайберганов 25 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги 165-сон қарорига асосан бир марталик моддий ёрдам ажратиш бўйича туман ҳокимлигига эмас, “Бахшилар” МФЙ раиси номига ариза билан мурожаат қилган. Ушбу қарорнинг 6-бобига асосан Я.Худайбергановга бир марта бериладиган моддий ёрдам тайинланган, ва ойнинг 5-кунигача бўлган муддатда молия бўлимига юборилиши кўрсатилган.
Шунингдек, бугунги кунга қадар ушбу фуқаро ва унинг оила аъзолари томонидан “Темир дафтар”га киритиш тўғрисида Урганч туман ҳокимлигига ҳеч қандай ариза билан мурожаат қилинмаган.
2023 йилнинг 9 март куни ушбу фуқаронинг “Аёллар дафтари”га киритилган келини Ҳ.Хўрозова тикув машинаси олишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва унга 3 кун ичида имтиёзли кредит ажратилиб, тикув машинаси билан таъминланган.
Фуқаро Я.Худайберганов 2022 йилнинг 27 январидан буён Урганч тумани тиббиёт бирлашмасида қизилўнгачнинг пастги қисми саратони касаллиги билан рўйхатга олинган бўлиб, амбулатор ва стационар равишда даволаниб келган ва ушбу касаллик сабабли 2023 йилнинг 2 май куни вафот этган.
Урганч туман ҳокимлиги Я.Худайбергановнинг оила аъзолари ва яқинларига унинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдиради.
Шу ўринда, ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатишда жисмоний ва юридик шахсларга доир маълумотларни эълон қилишда қонун нормаларига қатъий амал қилинишини эслатиб ўтмоқчимиз.
Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддаси 2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогерлар ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши белгилаб берилган.
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида оммавий ахборот воситаларидан айрим турдаги хатти-ҳаракатларни содир этишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлса, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддасида хар қандай ахборот турлари интернетда тарқатилиши мумкин эмаслиги кўрстилган.
Шунингдек, шахс ҳақида уни обрўсизлантириш мақсадида ўз асосини топмаган ахборот тарқатганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида туҳмат, яъни, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар, ёки ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолияти билан боғлиқ маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, кейин эълон қилиш ахборот тарқатувчи ҳар қандай шахс, шу жумладан, журналистлар ва блогерларнинг ҳам мажбуриятларидан бири ҳисобланади.
Урганч туман ҳокимлиги томонидан тизим фаолияти бўйича жамоатчиликни тезкор ва холис ахборот олишини таъминлаш, фуқароларни мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш ҳамда амалдаги қонунлар доирасида ошкораликни таъминлаш бўйича барча чоралар кўриб келинмоқда.
Келгусида ҳам амалдаги қонунларга риоя қилган ҳолда туман ҳокимлиги фаолияти тўғрисида жамоатчиликка тезкор ва холис ахборотлар берилиши, фуқароларнинг мурожаатларига ечим топиш ва ОАВ билан ҳамкорлик борасида барча чоралар кўрилиши таъминланади.
Урганч туман ҳокимлиги Ахборот хизмати