×
31-окт 2024 yil 52

КУЗНИНГ ҲАР БИР КУНИ ИМКОНИЯТ, БУ ИМКОНИЯТДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИБ ДАРОМАДНИ КЎПАЙТИРИНГ 

Урганч  туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга

МУРОЖААТИ

 

Ҳурматли фермерлар!

Табиат қийинчиликларига қарамасдан, фермер ва деҳқонларимиз 1 миллион гектардан ортиқ майдонда чигит қадаб, машаққатли меҳнатлар эвазига мўл ҳосил етиштирди.

Барчамиз яхши тушунамизки, шу кунларда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, баҳорни серёғин ва салқинлиги, кузда ҳаво ҳароратини кескин тушиб кетиши каби  кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан пахтадан мўл ҳосил етиштириш – чинакам жасорат ва матонат намунасидир.

Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи
ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор
 ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Азиз фермерлар!

Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида Сизларга қатор имтиёзлар берилди, моддий манфаатдорлигингизни ошириш учун имкониятлар яратилмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 12 декабрда қабул қилинган ПФ-205-сонли “Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, фермер хўжаликлар ва кластерлар ўртасида пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари биржа савдолари орқали тузиладиган бўлди.

2024 йилдан амал қилишни бошлаган ана шундай фьючерс шартномасига кўра, етказиб берилиши лозим бўлган ҳажмдан ортиқча етиштирилган, жумладан кластер билан фьючерс шартномаси тузмаган ҳолда, ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобига етиштирилган пахта хом ашёсини етиштирувчилар биржа орқали тадбиркорлик субъектларига сотади ёки (ва) қайта ишлашга рухсат берилди.

Фьючерс шартномасида кўрсатилган миқдордан ортиқча етиштирган пахта хом ашёсини фьючерс шартномаси тузган кластерга тўғридан-тўғри сотишингиз, қайта ишлашдан олинган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлар (чигит, линт ва ўлик пахта)ни биржа орқали харидорга етказиб бериш имконияти яратилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 июлда қабул қилинган “Пахтачилик соҳаси корхоналарининг иқтисодий-молиявий ҳолатини яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони  эса аграр тармоқда фаолият юритаётганлар учун янги даврни бошлаб берди. Унга кўра, фермерларга етиштирган пахта ҳосилини кластерлар ҳамда пахта хом ашёсини қайта ишлаш ва ип калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига сотишга рухсат берилди.

Энди юртимизнинг барча ҳудудларида пахтачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ихтиёрий кооперациялар ташкил этиш мумкин. Шунингдек, қарздор бўлган фермер хўжаликлари ва кластерлар ўртасида тузиладиган солиштириш далолатномалари ҳамда суд қарорлари асосида ундирилган маблағлар кластерларнинг Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси олдидаги қарздорлигини қоплашга йўналтириш вазифаси белгиланди.

Қадрли фермерлар!

Айни кунларда сиз етиштирган ва йиғиб-териб олаётган пахта ҳосили ҳисобидан пахта-тўқимачилик кластерлари билан ўзаро қарздорликлар бўйича солиштирма далолатнома расмийшлаштириб, фермернинг кластер олдидаги, жумладан кластернинг фермер олдидаги мавжуд қарздорликларини бартараф этиш имконияти пайдо бўлди.

Урганч туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бу борада сизнинг манфаатингизни ҳимоя қилиш, ҳақдорлигингизни ундириш бўйича барча зарур чораларни кўради.

Шу билан бирга,  пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб, олинган мўл ҳосил ҳисобидан фермер хўжаликларининг кластерлар олдидаги қарздорлигини сўндиришингиз ҳам ўзаро муносабатларда ижобий таъсир кўрсатишини яна бир бор таъкидлаймиз.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech