×
18-дек 2024 yil 23

Урганч тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Жасурбек Эгамовнинг 2024 йил ноябрь ойи якуни бўйича ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

Муҳтарам президентимиз томонидан солиқ органлари ходимлари олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, солиқ тизимини маҳалла даражасига тушириш орқали янги институт “Маҳалла еттилиги” ташкил қилинишини таъкидлагандилар. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, маҳалла бюджетини шакллантириш ҳамда уларда шаклланадиган маблағларни “маҳалла еттилиги”нинг кенгаш қарорлари орқали инфратузилмани яхшилашга йўналтириш белгиланди. 

Айни пайтда Урганч туманидаги 60 та маҳаллага 24 нафар солиқ хизмати ходимлари бириктирилган бўлиб, улар зиммасига норасмий тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, ўзини-ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва даромадларини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш юклатилган.

 “Маҳалла еттилиги” институтининг шаклланиши орқали солиқ инспекторлари маҳалладаги ҳар бир солиқ тўловчи хонадонига кириб бормоқда, тадбиркорлик субъекти билан учрашиб, унинг муаммосини ўрганяпти, солиқ соҳасидаги ўзгаришларни тушунтириш орқали яширин иқтисодиётнинг олди олинмоқда.

 Урганч тумани солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ўтган ўн бир ой давомида 140 та корхонадаги 2069 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди. 

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, 42 та савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 532 нафар, 7 та ишлаб чиқариш корхоналарида 181 нафар, 8 та қурилиш корхонасида 278 нафар ҳамда 50 та қишлоқ хўжалиги соҳасида 547 нафар, шунингдек, 42 та хизмат кўрсатиш корхоналарида 531 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди.

Айниқса, турли сабаблар билан фаолияти вақтинча тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини тиклаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ана шундай 397 та корхонанинг фаолияти тикланди, 57 та бўш объектлар ишга туширилиши натижасида 164 та янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, маҳалла еттилиги билан биргаликда яширин иқтисодиётни жиловлаш мақсадида туманда 13015 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтказилди ва муайян фаолият турлари билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётгани аниқланди.

Маҳаллабай тизимнинг яратилиши натижасида 2 млрд 646 млн сўм миқдоридага қўшимча манба аниқланди.

Жорий йилнинг ўтган ўн бир ойи давомида 18 млрд 081 млн сўм миқдоридаги жисмоний шахсларнинг турар-жой объектлари бўйича солиқлар ундирилиши таъминланди. Натижада йиғилган сумманинг 10 фоизи яъни 1 млрд 808 млн сўм миқдоридаги маблағлар маҳалла бюджетига қолдирилди. 

Барча фуқароларимизга шуни тавсия қилган бўлардим, бугунги кунда савдо ва хизмат кўрсатишда пул ўтказмалари яширин ҳолатда пластикдан пластикка ўтказилмоқда. Бу П2П ўтказмалари деб ҳам айтилади, ушбу савдо ёки хизмат тўловларини амалга оширишда сиз яширин иқтисодиётнинг ривожланишига ҳисса қўшиб қўймоқдасиз. Қолаверса, сиз ҳуқуқингиз кафолатли ҳимояланишидан маҳрум бўлиб қолмоқдасиз. Шунинг учун албатта харидингиз ёки хизматлар учун чек олишни эсдан чиқарманг, яширин иқтисодиётга қарши курашда ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.   

Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech