Жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувида "Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бизнинг стратегик йўлимиз" дея таъкидлаб, ушбу соҳа ривожи йўлида бизнес эгалари учун алоҳида енгилликлар ва имкониятлар берилиши ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида жойларда раҳбарлар билан юзма-юз учрашувлар ташкил этилиши белгиланган эди.
Шунга мувофиқ, Урганч туманида солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш мақсадида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотда вилоят солиқ бошқармаси, бизнес омбудсман, савдо саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотларлар иштирок қилди.
Дастлаб солиқ тўловчи тадбиркорлик субъектларига солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, солиқ ставкалари ва имтиёзлари хусусида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, вилоятда 42073 та кичик (ЯТТ-16342, микрофирма-22685, кичик корхона-3046), 497 та ўрта ва 48 та йирик тадбиркорлик субъектлари мавжудлиги қайд қилинди.
Очиқ ва конструктив тарзда ўтган давра суҳбатда тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш бу борада ушбу тармоқ вакилларига берилаётган янгиликлар ҳамда солиқ имтиёзлари солиқ органлари томонидан яширин иқтисодиётнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Тадбиркорларга батафсил тушунчалар берилди ҳамда намунали солиқ тўловчилар яъни «Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркорлик субъекти», «Энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти», «Энг ёш тадбиркор», «Энг интизомли солиқ тўловчи» ҳамда «Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти» номинациялари бўйича ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
«Olimp foods Urganch» корхонаси раҳбари Музаффар Шарипов нафақат Урганч туманида балки вилоят бўйича намуна ҳисобланади. Энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти номинацияси ғолиблигига сазовор бўлган тадбиркор 112 нафар ходимни иш билан таъминлаб, харидорларга 25 мингдан ортиқ чек тақдим қилгани натижасида 12 млрд сўм пул маблағларини назорат касса машинаси орқали кирим қилгани аниқланди.
Мулоқотда иштирокчиларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, қўшилган қиймат солиғи тўловидан ҳосил бўлган суммани тадбиркорларнинг ҳисоб рақамларига қайтариб берилиши ва товарларни рақамли маркировка қилиш каби муаммолар ҳал этилди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг муаммолари билан бирга тизимли масалалар ҳам билдирилди ва улар тегишли тартибда назоратга олинди.
Тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганишга қаратилган учрашувлар давом этмоқда.