Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

«Энг яхши ижтимоий ташаббус» республика кўрик-танлови

 

1. Ушбу Низом «Энг яхши ижтимоий ташаббус» республика кўрик-танловини (бундан буён матнда танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танловда ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда юқори натижаларга эришган, жамият ривожи учун ташаббус кўрсатаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган, жумладан ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек ижтимоий соҳа муассасалари инфратузилмасини яхшилашда фаол иштирок этган туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, жисмоний шахслар (бундан буён матнда иштирокчилар деб юритилади) қатнашади.
3. Танлов 2021 йилдан бошлаб ҳар йили июль — ноябрь ойларида ўтказилади.
4. Танлов ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан белгиланади ҳамда ушбу танлов бошланишидан бир ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
5. Танлов ўтказишнинг муддатлари ҳақидаги эълонлар туман (шаҳар) ҳокимликлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари биноларининг ҳамма танишиб чиқиши учун қулай бўлган жойларига илиб қўйилади ҳамда ҳокимлик ҳудудидаги ташкилотлар ўртасида кенг тарғиб қилинади.
2-боб. Танловнинг мақсади
6. Танлов ўтказишдан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
ҳудудларда ижтимоий масалаларни муваффақиятли ҳал этишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ижтимоий ташббусокрликни ривожлантириш;
ижтимоий ташаббуслар орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш;
ижтимоий ташаббус ёрдамида ҳудуддаги ижтимоий соҳа муассасалари инфратузилмасини яхшилаш;
мамлакатимизда ижтимоий ташаббускорликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш;
ижтимоий ташаббус кўрсатган иштирокчиларнинг илғор тажрибасини аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш.
3-боб. Танлов ўтказиш тартиби ва шартлари
7. Мазкур танлов қуйидаги 3 та босқичда ташкил этилади:
биринчи босқич — туман (шаҳар) миқёсида июль-август ойларида;
иккинчи босқич — вилоятлар миқёсида (биринчи босқич ғолиблари ўртасида) сентябрь-октябрь ойларида;
учинчи босқич — республика миқёсида (иккинчи босқич ғолиблари ўртасида) ноябрь ойида.
8. Танлов қуйидаги номинацияларда ўтказилади:
«Энг яхши ижтимоий ташаббускор давлат бошқарув органи»;
«Энг яхши ижтимоий ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилоти»;
«Энг яхши ижтимоий ташаббускор тадбиркорлик субъекти»;
«Энг яхши ижтимоий ташаббускор фуқаро»;
«Энг яхши ижтимоий ташаббускор ҳокимлик» (иккинчи босқичдан).
9. Биринчи босқични ташкил этиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.
10. Ишчи гуруҳ томонидан Низом талаблари асосида туман ва шаҳарлардан иштирокчилар орасидан 5 тагача энг яхши ижтимоий ташаббус кўрсатганлар танлаб олиниб, улар тўғрисидаги маълумотлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари котибиятларига (кейинги ўринларда котибиятлар деб юритилади) тақдим этилади.
11. Котибиятлар Ишчи гуруҳ томонидан сараланган иштирокчиларнинг ҳужжатларини халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига энг яхши ижтимоий ташаббус кўрсатган иштирокчилар ҳақидаги 5 дақиқадан ошмаган видеолавҳани ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун киритадилар.
12. Тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиб, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши ўз хулосаси билан танловнинг туман босқичи ғолибини аниқлайди.
13. Туман босқичларида ғолиб деб топилган 1 тадан номзод ҳақидаги маълумотлар иккинчи босқичда иштирок этиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари котибиятларига тақдим этилади.
14. Котибиятлар иштирокчиларнинг ҳужжатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига энг яхши ижтимоий ташаббус кўрсатган иштирокчилар ҳақидаги 5 дақиқадан ошмаган видеолавҳани ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун киритадилар.
15. Тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиб, Кенгаш ўз хулосаси билан танловнинг иккинчи босқичи ғолибини аниқлайди.
16. Иккинчи босқичда ғолиб деб топилган 1 тадан номзод ҳақидаги маълумотлар «Энг яхши ижтимоий ташаббус» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика комиссиясига (бундан буён матнда Республика комиссияси деб юритилади) тақдим этади.
17. Республика комиссиясига тақдим этилган маълумотлар заруратга қараб жойига чиққан ҳолда ўрганилади.
18. Танловнинг республика босқичи Тошкент шаҳрида ташкил этилади. Республика босқичига чиққан ҳар бир номинация бўйича 14 тадан иштирокчи (ҳар бир ҳудуддан биттадан) ижтимоий ташаббус доирасида олиб борган намунали фаолиятини кўргазмали тарзда ҳимоя қилади.
19. Республика босқичида энг яхши деб топилган иштирокчилар ҳужжатлари Республика комиссияси томонидан Низом талаблари асосида таҳлил этилиб, улар орасидан I, II, III-ўринни олганлар аниқланади.
4-боб. Танловга раҳбарлик қилиш
20. Танловни ўтказиш бўйича умумий раҳбарлик Олий Мажлис Сенати томонидан амалга оширилади.
21. Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичлари адолатли ва шаффоф ўтказилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари зиммасига юкланади. Республика босқичи эса Сенатнинг бевосита иштироки ва назорати остида ўтказилади.
5-боб. Танловнинг Республика комиссияси
22. Республика комиссияси Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар вакилларидан шакллантирилади. Республика комиссияси таркиби ва раиси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори билан тасдиқланади. Республика комиссияси таркиби 9 нафар аъзодан иборат бўлади.
23. Республика комиссияси аъзолари танлов жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
танловнинг республика босқичи иштирокчиларидан Низом талаблари асосида тегишли ҳужжатларни талаб қилиш;
танлов жараёнида танлов ғолибини объектив баҳолаш мақсадида иштирокчилардан қўшимча маълумотлар олиш;
танлов якунларини сарҳисоб қилиш ва ғолибларни аниқлашда ўз овози билан иштирок этиш.
24. Комиссия аъзолари танлов жараёнида қуйидаги мажбуриятларга эга:
танловнинг республика босқичи учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларни ўрганиш;
танлов иштирокчиларини саралашда адолатлилик, шаффофлик мезонларига риоя қилиш.
Республика комиссияси аъзоларига қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
6-боб. Танловга ҳужжатларни тақдим этиш тартиби
25. Танловда иштирокчилар якка ҳолда иштирок этади ва ҳужжатлар тақдим этади.
26. Танловда қатнашмоқчи бўлган иштирокчилар танлов ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятлари номига ариза берадилар.
27. Танловда қатнашиш истагини билдирган иштирокчилар ўз аризаларига қуйидаги ҳужжатларни илова қилишлари лозим:
иштирокчилар тўғрисидаги умумий маълумот;
Низомнинг 6-бандига асосан ижтимоий ташаббус доирасида олиб борилган фаолиятига оид материаллар (маълумотлар, ҳисоботлар, баённомалар, дастурлар, лойиҳалар, альбом, 15х20 см ўлчамдаги фотосуратлар ва ҳоказолар);
ижтимоий ташаббусни амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишларни акс эттирувчи 5 дақиқадан ошмаган видеоролик (сифати юқори, НD форматда);
оммавий ахборот воситаларида ижтимоий ташаббусни ёритишга оид чоп этилган мақолалар, телевидение ёки радиодаги чиқишларни асословчи ҳужжатлар.
Иштирокчилар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этиши мумкин.
Аризалар туман Кенгашлари котибиятлари томонидан тегишли ҳудуддаги халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятларига юборилади.
7-боб. Танлов иштирокчиларини саралаш мезонлари
28. Танлов иштирокчиларини саралаш ишлари биринчи босқичда Ишчи гуруҳ томонидан, иккинчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари котибиятлари томонидан, учинчи босқичда Республика комиссияси томонидан амалга оширилади.
29. Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинади:
Низомнинг 6-бандида белгиланган мақсадларни бажарилганлиги;
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги;
ижтимоий соҳа объектларига кўрсатилган ижтимоий ташаббус натижасида вояга етмаган шахсларнинг таълим олиши, уларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида зарур шароитлар яратилганлиги ва кенг қамраб олинганлиги;
ҳудудий бирлик доирасида ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга турли тоифадаги (жисмоний ва юридик шахслар) ҳомийларни кенг жалб этиш бўйича тизимли ишларнинг ташкил этилганлиги;
иштирокчиларнинг ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашдаги тажрибасини аниқлаш ва кенг тарғиб қилиш, ҳудудлардаги соҳа объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар самарадорлиги;
ижтимоий ташаббускорликда фуқаролар билан ишлашда янги ёндашувларни қўллаганлик ва амалда жорий этганлик даражаси.
8-боб. Кўрик-танловни молиялаштириш манбалари
30. Танлов ўтказилишининг молиялаштириш шартлари:
танловнинг биринчи босқичи учун талаб этиладиган зарур маблағлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан;
иккинчи босқичи учун талаб этиладиган зарур маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан;
танловнинг учинчи — республика босқичи учун талаб этиладиган зарур маблағлар манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда ҳомийлар томонидан қопланиши назарда тутилади.
9-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш
31. Ғолиб деб топилган иштирокчилар I, II, III даражали дипломлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланади.