Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

«Гендер тенглик фаоли» миллий танлови

1. Ушбу Низом «Гендер тенглик фаоли» номли миллий танловни (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танловда вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан гендер тенглик таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларга тегишли баҳо берилади.
2-боб. Танловнинг мақсади
3. Танловни ўтказишдан кўзланган мақсад қуйидагилардан иборат:
ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш;
ташкилотлар фаолиятига гендер ёндашувларни жорий этиш;
гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдириш;
гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ташкилотларнинг илғор тажрибасини аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш;
хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
3-боб. Танловни ўтказиш бўйича комиссия, унинг таркиби ва вазифалари
4. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги танловнинг ишчи органи ҳисобланади.
5. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) таркиби Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланади.
6. Комиссия таркибига давлат ташкилотлари ва муассасалари, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари киритилиши мумкин.
7. Ишчи орган томонидан танловга оид барча ҳужжатлар тўпланади ва Комиссияга тақдим этилади.
8. Комиссия қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни ташкил этади;
танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни талаб қилиб олади, зарур ҳолларда улардан қўшимча маълумотлар олиши мумкин;
тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларни танлов асосида жойига бориб ўрганади;
танлов якунларини сарҳисоб қилиш ва ғолибларни аниқлашда ўз овози билан иштирок этади;
танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларининг, танлов якунларининг оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда ёритилишини таъминлайди;
танлов бошлангунига қадар бир ой давомида кўрик-танлов талаблари ва қоидалари юзасидан кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боради.
9. Комиссия танлов жараёнида қуйидаги мажбуриятларга эга бўлади:
танлов ҳужжатларига оид маълумотларни ошкор этмаслик;
танлов иштирокчиларини баҳолашда адолатлилик, шаффофлик мезонларига риоя қилиш.
4-боб. Танловнинг иштирокчилари
10. Танловда ҳар йил якунлари бўйича гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, ушбу йўналишда жамият ривожи йўлида ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари (кейинги ўринларда иштирокчилар деб юритилади) қатнашади.
Танловда иштирокчилар якка ёки жамоавий тартибда иштирок этишлари мумкин.
11. Танловда иштирок этмоқчи бўлган ташкилот ва фуқаролар танлов ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида ариза тақдим этадилар.
12. Танловда иштирок этиш истагини билдирган ташкилот ва фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:
талабгор ёки талабгорлар номидан ариза;
фаолиятининг эркин тарздаги таърифи;
газета ёки журналдаги мақолалар, видео ёки аудиоёзувлар, 15х20 см ўлчамдаги фотосуратлар;
ўз ташкилоти номидан қатнашиш ваколати берилган маълумотнома ёки хизмат гувоҳномаси нусхаси.
13. Аризалар электрон почта орқали genderfaoltanlovi@gmail.com манзилига юборилади.
5-боб. Танлов босқичлари ва ўтказиш муддатлари
14. Танлов бир босқичда ўтказилади.
15. Танловда қатнашиш учун номзодлардан аризалар ва уларнинг гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширган ишлари ҳақидаги маълумотлар 1 сентябрдан 1 октябрга қадар Комиссияга тақдим этилади.
16. Комиссия томонидан номзодларнинг йил давомидаги фаолияти ҳамда улар тақдим этган маълумотлар таҳлил қилинади.
17. Танлов ғолиблари Комиссия томонидан ноябрь ойида ўтказиладиган танловда аниқланади.
18. Танлов якунланганидан сўнг тақдирлаш маросими декабрь ойининг 3-декадасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
19. Танловни ўтказиш саналари Комиссия қарори билан ўзгартирилиши мумкин.
6-боб. Танлов номинациялари
20. Танлов қуйидаги асосий номинациялар бўйича ўтказилади:
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлат органи (ташкилоти)»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти».
21. Қўшимча номинациялар:
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TВ-дастур»;
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал»;
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр».
7-боб. Танлов иштирокчилари фаолиятини баҳолаш
22. Комиссия танловга берилган аризалар ва талабгорлар томонидан тақдим этилган материалларни қуйидаги асосий мезонларга кўра баҳолайди:
долзарблик;
инновациялардан фойдаланиш;
оригиналлик (бетакрорлик);
профессионал маҳорат;
зарурийлик;
жамоатчилик ва ОАВ томонидан билдирилган муносабат.
23. Номинациялар бўйича ғолибларни аниқлашда қуйидаги талаблар инобатга олинади:
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлат органи (ташкилоти)» номинациясида Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча вазирлик ва идоралар ихтиёрий тарзда қатнашадилар.
Бунда ташкилотлар ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган» номинациясида Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча давлат органлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ихтиёрий тарзда қатнашади.
Бунда иштирокчи-давлат органлари фаолияти ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик» номинациясида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ихтиёрий тарзда иштирок этади.
Бунда танловда иштирок этаётган ҳокимликлар фаолияти ушбу Низомнинг 3-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ» номинациясида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча нодавлат нотижорат ташкилотлари ихтиёрий тарзда қатнашиши мумкин.
Бунда танловда иштирок этаётган ННТлар фаолияти ушбу Низомнинг 4-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти» номинациясида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий тарзда қатнашишлари мумкин.
Бунда танловда иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти ушбу Низомнинг 5-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TВ-дастур» номинациясида гендер стереотипларни бартараф қилиш ва гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган телевизион дастурлар муаллифлари ижодий ишлари билан иштирок этадилар.
Бунда танловда ТВ-дастурлар ушбу Низомнинг 6-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал» номинациясида гендер стереотипларни бартараф қилиш, гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернет сайтлари ёки портал яратган муаллифлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этадилар.
Бунда танловда Интернетдаги веб-сайт ёки портал фаолияти ушбу Низомнинг 7-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши босма нашр» номинациясида гендер стереотипларни бартараф қилиш ва гендер тенглик таъминланишини тарғиб қилишга қаратилган босма нашрлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этади.
Бунда танловда иштирок этаётган мақолалар ушбу Низомнинг 8-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
24. Танловни баҳолаш юзасидан Комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади ва қайта кўриб чиқилмайди.
8-боб. Танлов ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш
25. Танловда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича унвон, фахрий диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.
26. Танловда мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ўз ташаббусларига кўра махсус мукофотларни таъсис этишлари мумкин.
9-боб. Танловни молиялаштириш
27. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича барча харажатлар ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилади.
28. Танловни ташкил этиш, уни ўтказиш учун ҳомийлик қилишда вазирлик, идора ва ташкилотлар, корхоналар ва жисмоний шахслар, шунингдек, халқаро ташкилотлар иштирок этиши мумкин.
29. Танлов ташкилотчилари тақдим этилган материаллардан ўз мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, уларни оммавий ахборот воситаларида, китобларда, телевидение ва радиода, Интернет тармоғида жойлаштиришлари мумкин.
30. Танловга йўлланган материаллар қайтарилмайди ва улар бўйича тақриз берилмайди.
31. Форс-мажор сабаблар туфайли танловга тақдим этилган ҳужжатлар йўқолганда бу материаллар танловга қабул қилинмаган ҳисобланади.