Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

Карантин сабаб уяли алоқа компаниялари имтиёзли таърифлар яратадими?

         Айни пайтда карантин сабаб мамлакатимизда барча турдаги ишлаб чиқариш корхоналари, давлат ва нодавлат ташкилотларига вақтинча таътил берилиб, ишчи-хизматчилар уйда ўтирган ҳолда масофавий меҳнат қилишга киришди.

         Мана шундай оғир вазиятда ишлаб чиқариш қила олмаётган кўплаб тадбиркорлар ҳам ўз ходимларининг мушкулини осон қилиш, уларни шундай оғир вазиятда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида иш ўринларини сақлаган ҳолда уларга таътил бериб, ўз вақтида ойлик маошлари билан таъминлаб турибдилар.

Мазкур жараёнда айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни муҳофаза қилиш мақсадида барча турдаги таълим муассасаларига биринчи навбатда таътил берилиб, масофавий таълим йўлга қўйилди.

Бунда айниқса, педагогларнинг ва ота-оналарнинг масъулияти янада ошди.  Оммавий ахборот воситаларида махсус каналлар ташкил қилиниб, барча ёшдаги ўқувчилар учун видео дарслар мунтазам ҳавола қилиб келинмоқда.

Албатта, ўзбек халқи азалдан меҳр-шавқатли ва сабрли халқ. Айниқса карантин вақтида кўплаб саҳоватпеша инсонларимизнинг ногиронлиги бўлган, кам даромадли ва кўп болали оилаларга қилаётган  меҳр-мурувватлари, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда бажараётган ҳайрли ишларини ҳар куни кузатишимиз мумкин. Катта-катта тадбиркорлар ҳам бу жараёндан четда қолишмади. Жумладан,

Ўзбек миллиардери Алишер Усмонов “Меҳр-шафқат ва саломатлик” фондига Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун 20 млн доллар ажратди;

Навоий вилоятидаги кластерлардан бирининг раҳбари куни кеча Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига 500 минг доллар нақд пул олиб келган;

“Murad buildings” компанияси томонидан 550 та 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат жамланма эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилди.

“ELSE TEA” ва “JESCO” Савдо белгилари 330 миллион сўм хайрия пули ўтказиб бердилар.

Жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатларидан тортиб сенторларгача, санъаткорлар, спортчилар бўладими, имконияти етган оддий аҳолимиз, боринки ўзга мамлакат вакиллари ҳам уларга елкадош бўлиб, меҳр-мурувват улашябдилар.

Аммо халқимиз бугунги кунда яна бир ҳайрли ишга муҳтож. Юқорида айтиб ўтганимиздек карантин туфайли таълим жараёнлари онланй тизимга ўтгани сабаб аҳолимизнинг фойдаланиб келаётган алоқа компанияларига бўлган эҳтиёжи ҳар кунгиданда ошди.

Мисол учун, бир синфда камида 25 нафар ўқувчи таҳсил олганда битта ўқитувчининг уларга вазифалар бериши, улар томонидан юборилган жавобларини қабул қилиб олиши, болаларнинг ҳар бири билан алоҳида онлайн мулоқот қилишига бугунги кунда юқори суммадаги бир ойга бериладиган таъриф асосидаги мегабайтлар ҳам етмаябди.

Бир оилада камида 2 нафар, болажон халқимизнинг кўпчилигида 3 ва ундан ортиқ фарзандлар камолга етмоқда. Айни пайтда ишга бормаётган, ойлик маоши еб-ичиш ҳаражатларидан ортмаётган, бунинг устига тиббий ниқоблар ва антисептик воситаларига кетаётган маблағларни кўпчилик оилалар амаллаб етказиб келмоқдалар.

Менинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида Ўзбекистондаги алоқа компанияларига шу ўринда битта мурожаатим бор эди.

Халқимизнинг мана шундай мушкул ҳолатида ҳар ким қўлидан келадиган ёрдамини аямаётган бир пайтда “Uztelecom”, “UMS”,  “Beeline”, “Ucell”, “Uzmobile” компаниялари ҳам майли фақат карантин даврида бўлсин аҳоли учун имтиёзли таърифлар ишлаб чиқса бўлмасмикан.

Келинг, ҳурматли алоқа компаниялари сизлар ҳам имкониятингиз доирасида халқимиз учун ҳайрли ишга қўл урсангиз. Имкон қадар арзон ва сифатли, интернет трафиги ҳажми кўп бўлган таърифларни ишлаб чиқиб, аҳолимиз фойдаланиши учун тақдим қилсангиз. Бу билан халқимизни сизнинг компаниянгизга бўлган ишончи ва ҳурмати ошиб, доимий мижозингиз бўлиб қолишига ишонаман.   

Ушбу ҳайрли ишлар билан имкон қадар болажонларимизнинг сифатли таълим ва тарбия олишига, уларнинг билими ва дунёқарашини янада юксалтириб, юртимизнинг эртанги кун эгалари бўлиб камолга етишларига ўз ҳиссангизни қўшсангизлар. Зеро, инсон дўсти оғир кунда билинади.  

 

Ҳурмат билан,

Абдулла Рузметов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

 O’zLiDeP фракцияси аъзоси