Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

«Йил дипломати» республика кўрик-танлови

 

«Йил дипломати» республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
 
1. Ушбу Низом «Йил дипломати» республика кўрик-танловини (бундан буён матнда танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танловнинг мақсади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича белгилаб берилган муҳим вазифаларни амалга ошириш, Ўзбекистон манфаатларини халқаро майдонда фаол илгари суриш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш, тасдиқланган иш режаларининг сифатли ижросини таъминлаш ҳамда республика ташқи иқтисодий салоҳиятини ошириш борасида самарали фаолият юритиб келаётган иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш;
иштирокчилар орасида профессионаллик, ишбилармонлик, рақобатбардошлик муҳитини шакллантиришга имкон бериш ва халқаро муносабатлар соҳасидаги билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
дипломатия соҳасида юксак касб маҳоратига эга бўлган, ташаббускор, ҳар жиҳатдан ибратли бўлган иштирокчиларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш.
3. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (www.senat.uz) ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг (www.mfa.uz) расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
4. Танловда иштирок этиш бепул.
5. Танлов қонунийлик, холислик, шаффофлик, коллегиаллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтказилади.
2-боб. Танловда иштирок этиш тартиби ва шартлари
6. Танловда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимида, шунингдек хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида ишловчи дипломатик мартабага эга ходимлар (бундан буён матнда иштирокчилар деб юритилади) иштирок этиш ҳуқуқига эга.
7. Танлов 1 босқичда ўтказилади. Танловни ўтказиш тартиби ушбу Низомнинг 1-иловасида батафсил ёритилган.
8. Танлов иштирокчилари 30 октябрга қадар foreign@senat.uz ва senat19@exat.uz электрон почта манзилларига юборилган ариза орқали рўйхатдан ўтказилади. Аризалар ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ тақдим этилади.
9. Аризалар иштирокчиларнинг ушбу Низом билан танишиб чиққанлигини, шунингдек уларнинг шахсий маълумотларини сақлаш, фойдаланиш ва амалга оширилган ишлар натижаларини оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет тармоқларида эълон қилиниши мумкинлигини тасдиқлайди.
10. Иштирокчи танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъуллар фаолиятига, шунингдек танлов натижалари ва ўтказиш жараёнларига аралашиш ҳуқуқига эга эмас.
11. Иштирокчи томонидан танловни ўтказиш тартиби ва шартлари бузилганлиги ҳолати аниқланганда иштирокчининг танловда қатнашиши ташкилотчилар томонидан тўхтатилиши мумкин.
12. CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича камида В2 даражасига, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 6 баллга ёки TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 72 баллга мувофиқ келадиган чет тилини эгаллаганликни расмий равишда тасдиқловчи амалдаги халқаро сертификатга эга бўлган танлов иштирокчиларига максимал балл қўйилади.
3-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш комиссияси
13. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси (бундан буён матнда Республика комиссияси деб юритилади) обрўли жамоат арбоблари, вазирлик ва идораларнинг тажрибали, билимли вакилларидан шакллантирилади. Республика комиссияси таркиби, раиси, раис ўринбосари ва котиби Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори билан тасдиқланади.
14. Республика комиссияси:
иштирокчиларнинг сўровномаларини ўрганиш учун тузилган ишчи гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
талабгорларни танловда иштирок этишга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади;
иштирокчилар томонидан танлов бўйича синовлар бажарилишини баҳолайди;
иштирокчиларни танловнинг навбатдаги босқичларига қўйиш, ғолибларини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилади;
танлов иштирокчилари томонидан танловни ўтказиш қоидаларини бузиш ҳоллари аниқланган тақдирда, уларни танловдан четлаштириш тўғрисидаги тақдимномаларни, шунингдек, танловга оид синовларни ўтказиш тартиб-қоидаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
15. Республика комиссиясининг йиғилиши унинг аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
16. Республика комиссиясининг қарорлари аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг келиб қолган ҳолларда Республика комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
17. Республика комиссияси қарорлари икки нусхада тузиладиган ва йиғилишда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланадиган баённомалар билан расмийлаштирилади.
18. Республика комиссиясининг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, унинг котибияти ва Сенат девони Халқаро бўлими томонидан амалга оширилади.
4-боб. Танловга ҳужжатларни тақдим этиш тартиби
19. Танловда қатнашмоқчи бўлган иштирокчилар танлов ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун ичида Республика комиссиясига ариза тақдим этадилар.
20. Танловда қатнашиш истагини билдирган иштирокчилар ўз аризаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);
таржимаи ҳол;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида маълумотлар;
сўнгги уч йилдаги фаолияти бўйича маълумотлар;
диплом ва сертификатлар;
шу билан бирга, иштирокчилар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этиши мумкин.
5-боб. Апелляция комиссияси
21. Танловни ўтказиш билан боғлиқ шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш учун Республика комиссиясининг қарори билан апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссиясининг шахсий таркиби ва иш регламенти Республика комиссияси томонидан белгиланади.
22. Апелляция комиссиясига ариза танловда назарда тутилган синовларнинг натижалари эълон қилингандан сўнг уч кун ичида тақдим этилади.
23. Апелляция комиссияси қабул қилинган аризани уч кун мобайнида кўриб чиқиши ва аризачи иштирокида асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.
6-боб. Танлов иштирокчиларини саралаш шартлари
24. Танлов иштирокчиларини саралаш ишлари Республика комиссияси томонидан амалга оширилади.
25. Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминланганлиги;
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги манфаатларини илгари суриш, республикада олиб борилаётган ислоҳотларни жаҳон ҳамжамиятига етказишдаги фаол ҳаракатлари;
республика ташқи иқтисодий салоҳиятини оширишдаги фаолияти ва ташаббуслари;
хориждаги ватандошлар билан ишлаш фаолияти;
ахборот-таҳлил фаолияти;
оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар.
7-боб. Кўрик-танловни молиялаштириш манбалари
26. Танловни ўтказиш билан боғлиқ маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилади.
8-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш
27. Ғолиб деб топилган иштирокчилар I, II, III даражали дипломлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Республика комиссиясининг дипломатик мартабани ошириш бўйича тегишли тавсияномалар ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланади.
28. Танлов ғолиблари қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланиши ҳам назарда тутилади:
«Йил дипломати»;
«Йил дипломатик ваколатхонаси».
9-боб. Якунловчи қоида
29. Мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори билан киритилади.