Шодон ўтсин ҳар дами, мўъжизалар байрами 

 Бутун юртимиз бўйлаб “Янги йил байрами” шодиёналари  давом этмоқда. Шу муносабат билан бугун Урганч туманида  ҳам поёнига етиб бораётган  2021 йилни кузатиб, кириб келаётган Янги 2022 йилни олам-олам қувонч, янги-янги  марралар билан қарши олмоқдамиз. Байрам муносабати билан туман ҳокимлигида янги йил байрам тадбири бўлиб ўтди.

 

Тадбирда туман ҳокими Фрунзе Илхомович иштирок этиб, туманимиз аҳлини байрам билан қизғин табриклади. Тадбир давомида байрам иштирокчилари ва эҳтиёжманд оила фарзандлари учун байрам совғалари тақдим этилди. Туман ҳокимлиги, туман маданият бўлими, туман халқ таълими бўлими  ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу байрам тадбири тумандошларимиз, айниқса, қувноқ болажонлар, билан гавжум бўлди.

Шундан сўнг Урганч шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида болажонлар учун театрлаштирилган байрам дастури бўлиб ўтди, Янги йил эртак қаҳрамонларининг чиқишлари болажонларга бир олам завқ улашди.

Янги йилнинг кириб келишига саноқли кунлар қолган мана шу ҳаяжонли лаҳзаларда сиз азизларни яна бир бор кириб келаётган  2022 йил билан чин қалбимиздан қутлаймиз. 2021 йилда қўлга киритган энг катта ютуғимиз бу - юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, барқарор иқтисодий ривожланиш бўлди. Янги йилда ҳам ҳар бир соҳада юксалишлар давом этишини, хонадонларимизда осойишталик, тўкинлик ҳукмрон бўлишини тилаймиз. Янги йилда меҳр-оқибат, ободлик ва фаровонлик тарк этмасин. Кириб келаётган янги 2022 йилингиз муборак бўлсин!