Хоразм вилояти

Урганч тумани ҳокимлиги

Расмий веб сайти

Ишонч телефони
+998 (62) 352-28-43
info@urganchhokimiyat.uz
Мурожаат қолдириш

 

MUROJAATNOMAGA MUNOSABAT

Шу кунларда барча жойларда Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг ота-оналар, зиёлилар, маҳалла, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, муҳтарам нуронийларимизга, бутун халқимизга йўллаган мурожаати катта қизиқиш билан тингланмоқда. 
Мурожаатни тинглаган ёки ўқиган ҳар бир инсон унда олға сурилган эзгу даъватдан руҳланган, куч олган, кенг таассуротларга эга бўлган, ўринли хулосалар чиқарган бўлиши табиий. 
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, умумий ва муштарак мақсадлар йўлида миллий жипслик, ҳар бир ишни илм, ақл ва маърифат билан, халқ билан кенгашган ҳолда амалга ошириш, фақат ва фақат олдинга қараб бориш бугунги ҳаётимиз ва фаолиятимизнинг кундалик қоидасига айланиши лозим. 
Мурожаатномада глобал миқёсда инсон қалби ва онги учун кураш тобора кучайиб, универсал воситалар, ижтимоий тармоқлар, эркинлик ниқобидаги ахлоқсизликни тарғиб этадиган, миллий ва умуминсоний қадриятларни ерга урадиган ғоявий таҳдидлар ва ахборот хуружлари кундан-кунга ортиб бораётган ҳозирги вақтда бу вазифаларни амалга ошириш нақадар қийин экани таъкидланган. Афсуски, экстремизм, радикализм, ахлоқсизлик, коррупция, жиноятчилик каби жирканч иллатлар ҳали суяги қотмаган, ҳаёт йўлини аниқ белгилаб олмаган, зарарли таъсирларга берилувчан, маънавий-мафкуравий иммунитети бўш ёшларимизни тўғри йўлдан чалғитишга уринмоқда. Эл-юртимиз равнақи ва фаровонлигини таъминлаш учун амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни атайин обрўсизлантиришга, уларнинг мақсади ва моҳиятини нотўғри талқин этишга, оилавий қадриятларни оёқ ости қилган ҳолда, жаҳолат, маънавий тубанлик, ёвузлик, жоҳиллик кўринишларини кенг тарғиб этиб, мўмай даромад олишга интилаётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Бу эса халқимизни ташвишлантириб, унинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. 
Мурожатномада ёшлар тарбиясига эътибор қаратиб, келгусида амалга оширилиши назарда тутилган аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ўйлайманки, келажак йўлида қайғуриш бизга сув ва ҳаводек зарур. Бу масалага бефарқ қараб, кейинга қолдириб бўлмайди. Ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизнинг эртага ким бўлиб етиши бугун уларга оилада қандай тарбия бераётганимиз, уларнинг қалбини, онгини нима билан тўлдираётганимизга боғлиқ. Агар ўғил-қизларимизни ҳозирдан бошлаб илмга, ҳунарга, меҳнатга, одоб ва маданиятга ўргатсак, уларнинг кўнглига она юртга муҳаббат ва садоқат ҳиссини, юксак инсоний туйғуларни сингдирсак, авлодлар келажаги бахтли бўлишига мустаҳкам пойдевор қурган бўламиз. Мабодо бепарволик билан уларнинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйсак, қалбини, онгини мобил алоқа ва Интернет воситаларидаги турли зарарли ва бўлмағур “вирус”ларга ем қилиб берсак, келажагимизни, фарзандларимиз ҳаётини ўз қўлимиз билан барбод қилган бўламиз, албатта.
Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада маънавий-маърифий, тарбиявий ишларга масъул шахслар белгиланган. Бу борада камарбаста бўлаётган нуроний отахон ва онахонларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Уларнинг ҳаётий билим ва тажрибаси, олтинга тенг ўгитлари, юксак ижтимоий нуфузидан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашда кенг фойдаланилмоқда. Оқила аёллар харакати аъзолари бўлган маърифатли аёлларимиз оилаларни мустаҳкамлигини таъминлашда , оилавий ажримларни олдини олишда, ёшларимизни оилавий хаётга тайёрлашда жуда кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. 
"Бир нуроний ўн ёшга масъул" тамойилига мувофиқ ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга ўн нафар уюшмаган ва муаммоли ёшлар бириктирилган бўлиб, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари билан биргаликда хуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишлари амалга оширмоқдалар..
Шунингдек, мурожаатда зиёлиларга қарата ҳозирги вақтда медиамаконда маданиятсизлик, ахлоқсизлик кўринишлари билиб-билмай тарғиб этилаётган бир пайтда уларга қарши барчани бирлашишга, халқимизга бундай маънавий таҳдидлар ортида қандай ғаразли мақсадлар яширингани, улар қандай оғир ва аччиқ оқибатларга олиб келишини тушунтиришга чақирилган.

Мурожаатнома юксак ташаббуслар, ғоялар ва фикрлар муштараклигини ўзида мужассам этди. Мурожаатномани диққат-эътибор, зўр қувонч билан ўқидим.
Бугунги кунда халқимизни буюк мақсадлар сари дадил бошлаб бораётган азму шижоатли Президентимиз атрофида, муқаддас Ватанимиз байроғи остида қудратли халқ бўлиб янада жипслашишга, биргаликда улкан марраларни забт этишга, маърифатли ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсад йўлида асло чарчамай янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳар биримизнинг муқаддас мақсадимизга айлантиришга бўлган мурожаат бу шунчаки, чақириқ эмас, балки ҳаётга йўлланма, тараққиёт учун қўлланма эканлигини, ҳаммамиз учун чорлов эканини юртдошларимиз қаторида мен ҳам чуқур ҳис этдим.

Вапаева Рано Салиховна                                                    
Республика Маънавият ва маърифат маркази 
Хоразм вилояти Урганч тумани бўлинмаси раҳбари.