Урганч тумани ҳокими Шарипов Фрунзе Илхомовичнинг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан табриги

Бугун Урганч тумани ҳокимлигида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Урганч тумани ҳокими Фрунзе Шарипов Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам табригини йўллади.

-Ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. Ушбу хавфли касалликка чалинган юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтаётганида, ҳеч шубҳасиз, сизларнинг беқиёс хизматларингиз бор. 

Аҳоли саломатлиги йўлида кечаю кундуз меҳнат қилаётган заҳматкаш тиббиёт ходимларига ҳар қанча таҳсин айтсакда, оз. Сизлар олиб бораётган фаолият туфайли аҳолининг сиҳат-саломатлиги барқарорлашмоқда. Фуқароларимиз турмушида осойишталик билан умр кечиришларида сиз фидойи тиббиёт ходимларининг хизматлари тахсинга лойиқ.

Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди. 

Фурсатдан фойдаланиб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча тиббиёт ходимларига ўз номимдан, бутун туман аҳли номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Мададкор қўлингиз дард кўрмасин, ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар!

Тадбир давомида туман ҳокими томонидан бир гуруҳ тиббиёт ходимлари эсдалик совғалар билан тақдирланди.